Парламент — банк тизимида давлат улушининг юқорилиги сақланиб қолмоқда

13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон банк тизимида давлат улушининг юқорилиги ва хусусий сектор улушининг пастлигича қолиши қонун чиқарувчиларнинг танқидига сабаб бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу масала юзасидан расмий парламент сўровини юборишга қарор қилди.

Markaziy bank

2020–2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси қабул қилинганига қарамай, бугунги ҳолат кўнгилдагидек эмас. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, хусусий банклар активларининг умумий банк секторидаги улуши белгиланган мақсад кўрсаткичларига ета олмаяпти. Давлат улуши эса юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Қонунчилик палатаси депутатлари бу ҳолат тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли учун замонавий банк хизматларининг етарлича ривожланмаслигига олиб келаётганини таъкидлашди. Айниқса, янги кредит ташкилотларининг асосан Тошкент ва вилоят марказларида жойлашгани сабабли, қишлоқ аҳолиси улардан фойдаланишда қийинчиликка дуч келмоқда.

Шунингдек, аҳоли мурожаатларида банк карталари билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий ҳимоя механизмларини жорий этиш зарурлиги қайд этилган.

Шунга кўра, банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, молиявий хизматларни оммавий ва барча ҳудудларга етарли даражада етказиш масалалари юзасидан Марказий банк раиси Муроджон Тожиевич Ишметовга парламент сўрови юбориш бўйича қарор қабул қилинди.