Дуровнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда Telegram’да ноёб совғалар, виртуал рақамлар ва фойдаланувчи линкларининг нархи сезиларли даражада ошган. Айрим ҳолларда бу активлар 100 минг доллардан ортиқ суммага сотилмоқда. Бироқ у бу тенденциянинг «қоронғи томони» ҳам борлигини қайд этди — шантаж ва таҳдидлар кўпайган.\
Айниқса, баъзи фойдаланувчилардан ноёб рақамлар ёки аккаунтларини бериш талаб қилинаётгани, айрим каналлар эса шахсий маълумотлар ёки обуначилар обрўсига зарар етказувчи контентни тарқатиш билан таҳдид қилиб, пул талаб қилаётгани аниқланган.
Дуров бу ҳолатни «ноқонуний ва ғайриахлоқий» деб баҳолади. У Telegram’да бундай амалиётларга ўрин бўлмаслиги кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у шантаж қурбони бўлганларни шахсан ўзига мурожаат қилишни таклиф қилди. Бироқ битта бундай шахсий хабар жўнатиш учун 5000 юлдуз (тақрибан 1,16 млн сўм) тўлаш талаб этилади.
Шу сабабли Дуров пул тўлаш имконияти бўлмаганларга @notoscam манзили орқали #blackmail (#шантаж) ҳэштеги билан махсус жамоага мурожаат қилишни тавсия қилди. Унинг сўзларига кўра, шахсий аккаунтида ҳаддан зиёд хабарлар оқими туфайли бепул қабулни қайта фаоллаштириш имкони йўқ.
Telegram’да контакт рўйхатида бўлмаганлардан хабар қабул қилиш учун ҳақ ундириш функцияси 2025 йил март ойида жорий қилинган бўлиб, Premium фойдаланувчилар мингдан 10 минг юлдузгача тўлов миқдорини белгилаш ҳуқуқига эга.