Қамалган ҳоким номидан ҳужжатлар имзолангани юзасидан прокуратура текширув бошлади

12:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Шароф Рашидов тумани ҳокими қўлга олинганидан сўнг ҳам унинг номидан пул ажратиш ҳақида бешта қарор чиқарилгани юзасидан прокуратура терговгача текширув ўтказмоқда.

Mahmud xolbo'tayev

Аввалроқ Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида ҳоким қамалганидан сўнг ҳам унинг номидан бир неча қарорлар имзолангани ҳақида хабар берган эдик. Маълумотлар бўйича туман прокуратураси терговгача текширув бошлади.

Давлат хавфсизлик хизмати Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаевни пора олганлик айблови билан қўлга олганини маълум қилган эди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси — «Пора олиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, мазкур иш доирасида туман ҳокимлигидаги бош мутахассисга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») ва 211-моддаси («Пора бериш») асосида жиноий иш очилган.

Жиззах вилояти прокуратураси ушбу иш юзасидан қонуний процессуал қарор қабул қилиниши жараёнини назоратга олган.