Ташкилотлар ходимларида 563 млрд сўмлик солиқ қарздорлиги аниқланган

17:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ ходимнинг ер ва мол-мулк солиқлари бўйича қарзи 563,7 млрд сўмга етди. Бу кўрсаткич мамлакат солиқ интизомига жиддий таҳдид экани таъкидланмоқда.

Saliq 563mlrd

2025 йил 8 июл ҳолатига кўра, 214 мингдан ортиқ ташкилотдаги ходимлар 1,2 млн солиқ объекти бўйича солиқ мажбуриятларини бажармаган. Умумий қарзнинг 348,2 млрд сўмини ер солиқлари, 215,5 млрд сўмини эса мол-мулк солиқлари ташкил этмоқда.

Қарздорлик таркибида тижорат ташкилотлари асосий улушга эга бўлиб, улар ҳиссасига 433,7 млрд сўм тўғри келади. Қолгани бюджет ташкилотлари (107 млрд сўм) ва нодавлат-нотижорат ташкилотларига (23 млрд сўм) тўғри келмоқда.

Соҳалар кесимида энг катта қарз қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасидаги ташкилотларга тўғри келиб, бу кўрсаткич 107,3 млрд сўмни ташкил этмоқда. Саноат (97,9 млрд сўм), савдо (66,3 млрд сўм), қурилиш (63,5 млрд сўм) ва ташиш соҳаларида ҳам юқори миқдорда қарзлар йиғилган.

Энг катта қарзга эга ташкилотлар сирасида «Темирйўлларинфратузилма» АЖ (6,5 млрд сўм), «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ (6,3 млрд сўм) ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ (5,7 млрд сўм) бошчилик қилмоқда.