Украинада бизнес текширувига мораторий эълон қилинди

09:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Украинада давлат органлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига аралашишга қарши расмий мораторий жорий этилди. Бу қарор мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.

Zelenskiy snbo

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, 21 июль кун Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг янгиланган таркибдаги биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор иқтисодий хавфсизлик масаласига қаратилди.

Зеленскийнинг таъкидлашича, энди Украина ички кучларни тараққиётга — иқтисодиёт ўсишига, иш ўринлари яратилишига ва мамлакатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга йўналтиради. Бунинг учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жумладан, ҳамкор давлатлар билан қўшма ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини кенгайтириш режалаштирилган.

Шу муносабат билан Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши давлат органларининг бизнесни текширишлари ҳамда ҳар қандай аралашувига нисбатан қатъий мораторий эълон қилди. Зеленский бу қарорни Украинада иқтисодий хавфсизликни таъминлаш йўлидаги асосий қадам сифатида баҳолади.

Унинг таъкидлашича, украин бизнеси ва халқаро шериклар билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай ташаббус тезкор ва самарали равишда амалга оширилиши лозим. Президент мамлакат иқтисодиёти яқин олти ой ичида сезиларли натижалар кўрсатиши кераклигини қайд этди.