Ёзги электр энергияси истеъмолида рекорд ўрнатилди

18:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил июл ойида Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли тарихда илк бор қишки ҳажмдан ошиб кетди. Бу ҳолат мамлакатда аномал иссиқлар туфайли энергияга талаб ошиб бораётганини кўрсатмоқда.

Rekord

Миллий диспетчерлик маркази маълумотларига кўра, 16 июлдан 21 июлгача бўлган даврда суткалик истеъмол ва юклама бўйича рекорд даражалар қайд этилган. 18 июл куни мамлакат бўйича кунлик истеъмол 272,6 млн kWhни ташкил этиб, аввалги қишки максимумдан (271,8 млн kWh) ҳам юқори натижага эришди.

Шу куни соат 17:00 да электр тизимининг юкламаси 13,3 GWга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг июль ойи рекордидан (11,8 GW) ва қишки максимал даражадан (12,5 GW) анча юқори.

Энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида кузатилди. Пойтахтда суткалик истеъмол 32,4 млн kWhни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга кўп. Энг юқори юклама соат 14:52 да 1811 MW бўлган.

Энергетика вазирлиги маълум қилишича, юқори юклама пайтларида узилишларнинг олдини олиш учун “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ қошида туну кун ишлайдиган авария бригадалари ташкил этилган. Мавжуд носозликлар тезкорлик билан бартараф этилмоқда.

Вазирлик аҳолидан энергиядан тежамкор фойдаланишни сўрамоқда. Бу нафақат умумий юклама даражасини пасайтиради, балки электр таъминоти барқарорлигини ҳам таъминлайди.