АҚШ визаси учун янги 250 долларлик тўлов жорий қилинди

11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

1 октябрдан бошлаб деярли барча хорижликлардан «Visa Integrity Fee» деб номланган қўшимча тўлов ундирилади.

Oq uy

АҚШ ҳудудига турли мақсадларда ташриф буюрувчи фуқаролар 2025 йил 1-октябрдан бошлаб янги тўлов жорий этилиши билан юзма-юз келади. Энди туризм, иш, таълим ёки алмашинув дастурлари орқали АҚШ визасига мурожаат қилувчилар қўшимча 250 доллар тўловни амалга оширишлари талаб этилади. Бу ҳақда Forbes нашри хабар берди.

Ушбу тўлов амалдаги 185 долларлик консуллик йиғимига қўшимча тарзда ундирилади. Яъни виза учун умумий харажат 435 долларни ташкил этади. Янги тартиб «виза имтиёзлари дастури» га кирмайдиган мамлакатлар, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Нигерия ва Бразилия фуқароларига тааллуқли бўлади.

Шу билан бирга, АҚШ билан виза имтиёзларига эга давлатлар — хусусан, Буюк Британия, Германия, Япония ва Жанубий Корея фуқаролари, ҳамда Канада ва Бермуда ороллари резидентлари ушбу тўловдан озод қилинади. Яқин Шарқдаги баъзи дипломатик ва расмий мақомдаги шахслар ҳам истиснога эга бўлиши мумкин.

АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг маълум от қилишича, агар ташриф буюрувчи виза муддати тугашидан олдин мамлакатни тарк этса ёки виза мақомини қонуний равишда ўзгартирса, ушбу тўлов қайтарилиши мумкин. Бироқ бу жараён қандай амалга оширилиши, маблағлар қачон ва қай тарзда қайтарилиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Иммиграция бўйича юристлар фикрига кўра, тўловни қайтариш тизими анча мураккаб бўлиши, ортиқча ҳужжатбозлик ва кечикишларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, техник хатолар ёки қоидаларга тўлиқ риоя қилинмаган ҳолатларда, тўловни қайтариб олиш имкони йўқ бўлиши эҳтимоли ҳам бор.