Беморнинг соғлом оёғини кесган шифокорга ҳукм ўқилди

10:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Фарғонада шифокор беморнинг чап оёғини кесиш ўрнига ўнг оёғини кесди, сўнгра иккинчи оёғини ҳам кесган. Бемор оғир жарроҳлик амалиётларини кўтара олмасдан вафот этди. Суд шифокорни 4 йил озодликдан маҳрум этди ҳамда моддий ва маънавий зарарни қоплашга жарима қўллади.

Photo 2025 07 23 08 24 12

Фарғонада юз берган ҳолат шифокор масъулияти, тиббий назорат ва бемор хавфсизлиги масаласини яна кун тартибига чиқарди. Республика ихтисослаштирилган эндокринология маркази Фарғона филиалининг хирургия бўлими бошлиғи Абдубанноп Мадолимов соғлом оёқни кесиб ташлагани учун судлангани ҳақида Kun.uz суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.

2024 йил 18 октябрда Адинахон Исомитдинова оғир қандли диабет ташхиси билан марказга ётқизилган. Аммо Мадолимов таътилда бўлган бўлишига қарамай, бўлим мудирининг вақтинча ўринбосарини четга суриб, беморни ўзи даволашни бошлаган. У тиббий ҳужжатларда беморнинг чап оёғини кесиш режасини тайёрлаб, жарроҳликни тиббий кўрсатмага эга бўлмаган ҳолда ўзбошимчалик билан амалга оширган.

Жарроҳлик 19 октябрда шифокор ва мутахассислиги йўқ талабалар иштирокида ўтказилган. Аммо амалиёт пайтида беморнинг соғлом ўнг оёғи кесиб ташланган. Кейинчалик чап оёғи ҳам ампутация қилинган. Оғир амалиётлар оқибатида бемор 2024 йил 7 ноябрда вафот этган.

Қува туман суди Мадолимовни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмига асосан айбли деб топиб, 4 йил озодликдан маҳрум қилди ва 3 йил тиббиётда раҳбарлик ва шифокорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этди. Ундан жабрланувчи вакили фойдасига 27,8 млн сўм моддий ва 80 млн сўм маънавий товон ундириш белгиланди.

Жиноят иши Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апеллция инстанциясида кўриб чиқилган.

Абдубанноп Мадолимов апелляция шикоятида ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги, беморнинг ўлими унинг ҳаракатлари билан боғлиқ бўлмагани ҳақида важлар келтирган ҳамда суд ҳукмини бекор қилиб, оқлов ҳукми чиқаришни сўраган. Жабрланувчининг қонуний вакили эса апелляция шикоятида шифокордан 28 млн 995 минг сўм моддий ва 350 млн сўм маънавий зарар ундиришни сўраган.

Апелляция инстанциясининг ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан қолдирилган.