Қозоғистоннинг Halyk Bank ва Ўзбекистоннинг Click тўлов хизмати ўртасидаги битимни якунлаш учун тартибга солувчи органлар: Ўзбекистон Марказий банк ва Рақобатни ривожлантириш қўмитасининг рухсати зарур. Бу ҳақда Spot нашри хабар берди.
Битим шартларига кўра, Halyk Bank Click компаниясининг 49 фоизлик улушини 176,4 миллион АҚШ долларига сотиб олади, Click эса ўз навбатида Tenge Bank акцияларининг худди шундай улушини 60,76 миллион АҚШ долларига қўлга киритади.
«Битим иштирокчи мамлакатлар қонунчилигига тўлиқ мувофиқ равишда амалга оширилмоқда. Томонлар барча тегишли давлат идораларига зарур ҳужжатларни топширмоқда ва керакли рухсатномаларни олиш учун тегишли назорат органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳар икки ташкилотнинг операцион ва ҳуқуқий фаолиятидаги мустақиллиги сақланиб қолаётганини ҳисобга олган ҳолда, келишув жараёни қисқа муддатда якунланиши кутилмоқда», — дея таъкидланган Click баёнотида.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати битим иштирокчилари иқтисодий концентрация учун олдиндан розилик олишлари шартлигини тасдиқлади. Қўмита маълум қилишича, компаниялардан ҳозирга қадар тегишли ариза келиб тушмаган.
«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, ариза рақобатга таъсирига қараб 30 кундан икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади. Аризага давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхаси, битим тарафлари томонидан сўнгги икки йил давомида амалга оширилган фаолият турлари, ишлаб чиқарилган ва сотилган товар турларининг номлари ҳамда уларнинг ҳажмлари ҳақидаги маълумотлар, ўтган икки йил учун молиявий ва статистик ҳисоботлар, шунингдек, шахслар гуруҳининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар илова қилиниши лозим. Бунда шахслар гуруҳига кириш асослари ва асосий манфаатдор мулкдорлар кўрсатилиши шарт.
«Ваколатли давлат органининг олдиндан розилигисиз амалга оширилган, товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келадиган иқтисодий концентрация бўйича битимлар суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин», — дея таъкидланади қонунда.
Бундан ташқари, Halyk Bank ва Click Марказий банкдан рухсат олишлари шарт. «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги қонуннинг 65-моддасига биноан, тартибга солувчи орган битим натижасида банк устав капиталидаги улуши 20 фоиздан 50 фоизгача бўлган миқдорни ташкил этадиган улушни сотиб олишга рухсат беради. Битим натижасида Click тўлов хизмати Halyk Банкнинг шўба корхонаси ҳисобланган Tenge Bank акцияларининг 49 фоизини қўлга киритиши лозим.