Halyk Bank Click’нинг 49 фоиз акциясини сотиб олди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистоннинг энг йирик молиявий гуруҳи ҳисобланган Halyk Bank Ўзбекистоннинг финтех етакчиларидан бири бўлган Click компаниясининг 49 фоиз акцияларини 176,4 млн АҚШ долларига сотиб олди.

Halyk bank

Шу билан бирга, Click акциядорлари Halyk’нинг Ўзбекистондаги шўъба банки — Tenge Bank’нинг 49 фоиз акцияларини 60,76 млн доллар эвазига харид қилмоқда. Ҳар иккала томон ҳам ўз ҳуқуқий мақомини сақлаб қолган ҳолда ўзаро шерикликни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Битимлар Қозоғистон ва Ўзбекистондаги мувофиқ давлат органларининг рухсатларига боғлиқ ҳолда тўлиқ амалга оширилади. Бу ҳақда расмий баёнот Лондон фонд биржаси орқали эълон қилинди.

Ушбу келишув икки мамлакат бозорларида етакчи ўринга эга бўлган компанияларнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаб, молиявий ва финтех хизматлар бозорида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.

Маълумот учун, Halyk Bank активлари 37,5 млрд долларга етган, 6,8 млрд долларлик бозор қийматига эга бўлган ва халқаро рейтинг агентликларидан инвестиция даражасидаги баҳоларга эга банк ҳисобланади. У банкчилик, суғурта, брокерлик, активлар бошқаруви каби соҳаларда кенг қамровли хизматлар тақдим этади.

Click эса Ўзбекистондаги етакчи тўлов платформаларидан бири бўлиб, 20 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ва 10 миллион электрон ҳамён базасига эга. Компания SuperApp стратегияси доирасида турли хизматларни ягона платформада жамлаган ва 2024 йилда 35,3 фоизлик даромад, 37,5 фоизлик соф фойда ўсишига эришган.

Ушбу стратегик шериклик орқали томонлар Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес, йирик мижозлар ҳамда чакана сегмент учун илғор технологик ечимлар ва рақамли хизматлар тақдим этишни мақсад қилган.