Ҳайратланарли технология: Хитойдаги робот ўз батареясини ўзи алмаштирди

23.07.2025 01:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитойнинг UBTECH компанияси томонидан яратилган Walker S2 роботи энди инсон ёрдамисиз ҳам ишлашни давом эттира олади — у ўз батареясини мустақил алмаштириш қобилиятига эга.

China rotots

Хитой муҳандислари томонидан ясалган Walker S2 роботи дунёда илк бор ўз батареясини мустақил равишда алмаштира оладиган технология билан жиҳозланди. Бу унга тўхтовсиз равишда — 24 соат ишлаш имконини беради.

UBTECH компанияси томонидан ишлаб чиқилган мазкур робот 162 сантиметр бўйи ва 43 килограмм оғирлиги билан катта ёшли инсонни эслатади. У 48 волтли литий батареяларда ишлайди ва иккита аккумулятордан иборат тизимга эга. Робот тўлиқ қувват билан 2 соат пиёда юра олади ёки 4 соат жойидан қимирламасдан тура олади. Батареяни тўлиқ қувватлаш учун эса 90 дақиқа вақт талаб этилади.

Роботнинг энг муҳим жиҳати — у ўзининг батареясини инсон ёрдамисиз алмаштира олади. YouTube’да эълон қилинган видеода робот махсус станцияга яқинлашиб, орқасидаги батареяни чиқариб, уни қувватлаш учун жойлаштиргани ва янги батареяни олиб, ўз танасига ўрнатгани кўрсатилган.

Walker S2 роботлари ишлаб чиқариш объектларида ёки жамоат жойларида мижозларни кутиб олиш ва хизмат кўрсатиш каби вазифаларни бажариш учун мўлжалланган.