Мигрантларни текшириш ва эмлаш тартиби қайта кўриб чиқилиши мумкин

23.07.2025 13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия собиқ бош санитар шифокори Геннадий Онищенко мамлакатга кирувчи мигрантларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва зарур ҳолларда эмлашни жорий этишни таклиф қилди. Бу ёндашув инфекцияларнинг олдини олишга қаратилган.

Migrantlar

Россия собиқ бош санитар шифокори Геннадий Онищенко мамлакатга киришдан олдин мигрантларни текшириш ва эмлаш тизимини кучайтиришни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, бу чоралар мамлакатда соғлиқни сақлаш хавфини камайтириш ва инфекцияларни тарқалишининг олдини олиш мақсадида амалга оширилиши керак.

Онищенко сўзларига кўра, айни вақтда мигрантлар орқали менингококк инфекцияси тарқалаётгани бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда. Шу боис, мигрантларни жалб этишда уларнинг соғлиғига оид аниқ талаблар қўйилиши лозим. У Россияда муҳожирларсиз турмуш тарзи мумкин эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, уларга нисбатан аниқ талаб ва шартлар жорий этилиши шартлигини билдирди.

Онищенко авввалги йилларда ОИТС каби касалликлар тарқалган пайтда ҳам давлатлар билан махсус келишувлар имзоланганини эслатди. Унга кўра, баъзи мамлакатлар фуқароларини ўз ҳужжатлари орқали қабул қилинган бўлса, баъзиларини эса Россия томонидан мустақил равишда текширишга тўғри келган. У шундай келишувларни қайта тиклашни зарур, деб ҳисоблайди.

2024 йилда Россияга тахминан 6,3 миллион мигрант келган бўлиб, уларнинг 23,3 фоизини Ўзбекистон фуқаролари ташкил этган. Бу деярли 1,5 миллион кишини ташкил қилади. Қолган қисмини Тожикистон, Қирғизистон ва Беларусь фуқаролари ташкил қилган.

Унинг таъкидлашича, Тожикистон ва Ўзбекистон каби мамлакатлар бундай ҳамкорликдан ҳеч қачон бош тортмаган. Шунинг учун ҳам Россиянинг миграция сиёсатида соғлиқни сақлаш бўйича талабларни янада кучайтириш мақсадга мувофиқ.