Бугун тонгги соат 05:00 атрофида Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган А373 «Тошкент–Ўш» автомобил йўлининг 39-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ Матбуот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ 1969 ва 1992 йилларда туғилган ҳайдовчилар бошқарувидаги Gentra ва Cobalt автомобиллари иштирокида содир бўлган ЙТҲ сабабли ЙПХ ходимлари Lacetti хизмат машинасида воқеа жойига етиб келишган. Улар патрул машинасини маёқчаларини ёққан ҳолда қатнов қисмининг ўнг томонига жойлаштиришган.
Бироз вақт ўтиб, “Тошкент–Олмалиқ” йўналишида ҳаракатланаётган, 2001 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги HOWO русумли юк машинаси патруль Lacetti автомобилининг ён қисмига бориб урган.
Ҳодисага ҳайдовчининг тажрибасизлиги ва ҳаракат пайтидаги эътиборсизлиги сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳодиса оқибатида фақат автомашинага зарар етказилган, одамлар жароҳат олмаган.