Ўрта махсус ва касбий таълимда устозлар маоши янги тартибда белгиланади

14:15 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил сентябридан ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ходимлари учун иш ҳақи тизими тубдан ўзгариши кутилмоқда. Ҳукумат қарор лойиҳасига кўра, устозлар, раҳбарлар ва ёрдамчи ходимлар маоши умумий ўрта таълим тизими билан тенглаштирилади, 2026 йилдан KPI асосида устамалар ҳам жорий этилади.

маошлар

Ҳукуматнинг «Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси regulation.gov.uz муҳокамалари порталида жойлаштирилди. Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб соҳадаги иш ҳақи тизими бир неча жиҳатдан ўзгариши белгиланган.

Жумладан, касбий таълим ташкилоти ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим ўқитувчилариники билан тенглаштирилади. Академик лицейлардаги устозлар ва ёрдамчи ходимлар маоши эса ихтисослаштирилган мактаблардаги ходимлар билан бир хил бўлади.

Шунингдек, фан номзоди (PhD), фан доктори (DSc), профессор ва доцент унвонларига эга ўқитувчилар ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталарининг иш ҳақи олий таълим муассасаларидаги катта ўқитувчилар билан тенглаштирилади.

Психологлар ва раҳбарлар учун ҳам янги меъёрлар жорий этилади. Хусусан, директор, ижрочи директор ва уларнинг ўринбосарлари учун базавий тариф ставкалари умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарларининг маоши билан бир хил қилинади.

2026 йил 1 январдан эса KPI — фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари асосида ҳар ойлик устамалар берилиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, директорларга 20 фоизгача, ижрочи директор ва директор ўринбосарларига эса 10 фоизгача қўшимча ҳақ тайинланиши мумкин.