2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 405,5 минг бола туғилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,4 минг нафарга кам. Шу билан бирга, ўлим ҳолатлари сони 2,7 минг нафарга ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.
Унга кўра, 2025 йил январ–июн ойларида мамлакатда 405,5 минг тирик туғилган ҳолат қайд этилган. 2024 йилнинг шу даври билан солиштирилганда, туғилишлар сони 14,4 минг нафарга камайган.
Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида 84,1 минг ўлим ҳолати рўйхатга олинган. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 минг нафарга кўпроқ.
Туғилганларнинг ярмидан кўпини ўғил болалар ташкил қилди — улар сони 209,6 минг нафарга етди, бу жами туғилганларнинг 51,7 фоизини ташкил этади. Қиз болалар сони эса 195,9 минг нафарни ёки 48,3 фоизни ташкил қилган. Жойлашувга қараб олганда, 2025 йилнинг биринчи ярмида 197,8 минг бола шаҳарларда, 207,7 минг бола эса қишлоқ жойларида туғилгани қайд этилган. Бу эса туғилишлар қишлоқларда биоз юқори бўлиб қолганини кўрсатади.
Вафот этганлар орасида эркаклар сони кўпроқ — 46,2 минг нафар (54,9%)ни ташкил қилган. Аёллар ўртасида эса 37,9 минг ўлим ҳолати (45,1%) қайд этилган. Географик тақсимотга кўра, ўлим ҳолатларининг 45,6 мингтаси шаҳарларда (54,2%), 38,5 мингтаси эса қишлоқ жойларида (45,8%) содир бўлган.