Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ишончнома орқали автомобил бошқариш тартибига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда. Хусусан, ишончнома бланкида автони республика ташқарисига олиб чиқиш ҳуқуқи алоҳида белгиланиши зарурлиги айтилмоқда, деб ёзмоқда Spot.
Вазирликнинг таъкидлашича, бундай чоралар автотранспорт эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган. Чунки сўнгги пайтларда ишончнома билан бошқа шахслар томонидан авто воситаларни чет элга олиб чиқиб, қайтармаслик ҳолатлари кескин кўпайган.
2024 йил давомида камида 50 та автотранспорт ишончнома асосида четга чиқарилган ва қайтарилмаган. Фақат июн ойининг ўзида 8 шундай ҳолат қайд этилган. Шу сабабли, янги тартибда ишончномада албатта «чегарадан олиб чиқиш ҳуқуқи бор» ёки «йўқ» деган жавоб алоҳида катакда кўрсатилиши керак.
Таклиф этилаётган қарорга кўра, бу талаб фақат ишончнома шаклига эмас, балки автомототранспорт билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартибини белгилайдиган меъёрларга ҳам киритилади.
Фуқаролар 5 августга қадар Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали орқали ушбу ҳужжат лойиҳаси бўйича ўз фикрларини билдиришлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябридан бошлаб ишончномалар ЯИДХП орқали расмийлаштирила бошлаган, 2023 йил ноябридан эса электрон ишончнома қоғоз варианти билан тенг юридик кучга эга, деб топилган эди.