Ўзбекистонда бюджетга 5 триллион сўм қўшимча тушум имконияти аниқланди

21:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 июл куни Ҳисоб палатасининг фаолияти ҳамда ижро тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

PresidentФото: President.uz

Қайд этилишича, Ҳисоб палатаси томонидан бу йил 6 ойда ўтказилган аудит тадбирлари натижасида 5 триллион 600 миллиард сўм самарасиз бюджет харажатлари қисқартирилган, бюджетга 5 триллион сўм қўшимча тушум имконияти аниқланган. Шунингдек, “Масофавий аудит” ахборот тизими орқали 4 триллион сўмлик камчиликлар бартараф этилган.

Тақдимотда энди тизимга сунъий интеллектни жорий қилиб, камчиликларни келтириб чиқараётган омилларни бартараф этиш вазифаси қўйилди.

«Ўтган йили 12 та вазирликда молиявий назорат бўйича ташкил қилинган ситуацион марказларнинг кўрсаткичлари қайд этилиб, бу тизим жорий йилда яна 10 та вазирлик ва идорага кенгайтирилиши белгиланди. Шу билан бирга, бюджет ташкилотларида ички аудит ва ички назорат тизимларини такомиллаштириб, Ҳисоб палатаси билан ахборот алмашувини кучайтириш бўйича топшириқ берилди», — дейилади хабарда.

Шу йил 16 июн куни ислоҳотлар натижадорлиги таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ҳисоб палатасига «Халқ назорати» платформасини барча ҳудудларда йўлга қўйиш топширилган эди. Тақдимотда мутасаддилар бу борада бошланган ишлар ва зарур чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.

Бу тизим орқали қурилиш, инфратузилма, коммунал хизматлар, энергия таъминоти, транспорт, йўл, экология каби соҳалардаги муаммолар бўйича хабар берилади. Уларни ҳал қилиш учун порталга барча вазирлик, идора ва ҳокимликлар уланади.

«Ҳозирги кунда бу дастурни сунъий интеллект асосида такомиллаштириш, вертикал назорат тизимини йўлга қўйиш, колл-марказлар ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.