Ўзбекистонда 2025 йилнинг биринчи ярмида гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ жиноятлар сони кескин ошди. Расмий маълумотларга кўра, 6 ой ичида 7 311 та наркожиноят қайд этилган.
Аниқланган жиноятларнинг 38 фоизи гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш мақсадисиз сақлаш, яна 38 фоизи эса уларни тарқатиш билан боғлиқ бўлган. Қолган ҳолатлар — тақиқланган экинларни етиштириш (13 фоиз) ва бошқа турдаги жиноятлар (10 фоиз) ҳиссасига тўғри келган.
Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази маълумотига кўра, ярим йилда 1,6 тонна гиёҳванд моддалар, психотроп ва кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган. Уларнинг 61 фоизи “гашиш”, 19 фоизи “опий”, 12 фоизи “марихуана” ва қолгани бошқа моддалардир.
Шу билан бирга, хусусий шифохоналарга янги ваколатлар берилиши назарда тутилмоқда. Хусусан, фойдаланилган гиёҳвандлик воситаларидан бўшаган ампулаларни йўқ қилиш ҳуқуқи энди уларга ҳам берилади. Илгари бундай ампулалар фақат давлат тиббиёт муассасалари орқали шартнома асосида йўқ қилинарди. Бу эса хусусий тиббиёт муассасалари учун қўшимча харажатлар келтириб чиқарарди.
Янги тартиб хусусий шифохоналарнинг ташкилий ва молиявий юкини камайтиришга қаратилган. Шу орқали соҳага нисбатан юзага келаётган бюрократик тўсиқлар камайтирилиши мумкин.