Президентнинг Жиззахга ташриф: хулосалар, лойиҳалар ва режалар

15:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 22 июл куни Жиззах вилоятида бўлди. Ташриф давомида давлат раҳбари саноат ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва инфратузилма обектлари билан танишди.

Mirziyoyev

Президент айниқса Зомин технопарки махсус саноат зонасидаги илк корхонанинг ишга туширилишини кўздан кечирди ва бу ҳудудда иш билан таъминлаш ҳамда ишсизликни камайтириш имкониятларига эътибор қаратди.

Қайд этилишича, бу мажмуа қурилишини ўтган йили 27-июнда давлат раҳбари бошлаб берган эди. 400 гектарда барпо этилаётган технопаркда хитойлик инвесторлар билан биргаликда 1 млрд 200 млн долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилади.

Ўтган даврда зарур инфратузилма ва иншоотлар барпо этилди. Яқинда илк корхона — Xinjiang Honglun Tiandi компанияси томонидан қиймати 10 млн долларлик бетон маҳсулотлари тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. 60 кишининг бандлиги таъминланди.

Ушбу лойиҳа доирасида Midea бренди остида йилига 300 минг дона маиший электр техникалари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Натижада 150 та янги иш ўрни яратилади. Давлат раҳбарига ушбу лойиҳа ва навбатдаги ташаббуслар юзасидан ахборот берилган.

Биринчи босқичда махсус саноат зонасига 9 та лойиҳа жойлаштирилган. Ҳозирги вақтда умумий қиймати қарийб 300 млн долларга тенг бўлган 7 та лойиҳа доирасида қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу лойиҳалар қурилиш материаллари, конструкциялар, электр техникаси ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, логистика ва тренинг марказларини ташкил этишни назарда тутади.

Саноат зонасидаги барча лойиҳалар якунига етказилгач, умумий ҳисобда қарийб 5 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шунингдек, 15 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилиб, 70 млн долларлик экспорт салоҳияти яратилади. Энг асосийси, 5 мингдан ортиқ фуқаро иш билан таъминланади.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф доирасида Зомин туманидаги янги лойиҳалар кўздан кечирилган. Хусусан, делегация янги очилган, «ягона дарча» тамойили асосида қишлоқ хўжалиги хизматларини битта жойга жамлаган «Агромарказ»да бўлди. Хабарда қайд этилишича, ҳосилдорликни оширишга қаратилган янгича ёндашувлар вилоятда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига ижобий таъсир этиб, аҳолини кўпроқ даромад топишига имкон яратмоқда.

«Жиззах вилояти картошкачиликни ривожлантиришга замин қилиб олинмоқда. Бугунги кунда Зомин илмий тажриба станциясида хорижий ва маҳаллий селекцияга мансуб 12 та нав бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилди. Одатда уруғлик картошка етиштириш 6–7 йилни ва 8 та босқични талаб қилса, янги таклифга кўра, жараён 4 босқичга камайтирилиб, икки йилда тайёрланади. Бунда картошканинг янги селекция навларидан 12 тонна юқори авлод супер элита уруғлик аҳоли хонадонларига бепул тарқатилади. Натижада 120 тонна элита картошка уруғлиги етиштирилади», дейилади манба хабарида.

Ташриф давомида Зомин туманида қурилиши режалаштирилган маданият саройи ва санъат мактаби тўғрисида ҳам ахборот берилган. Манбага кўра, маданият саройи 300 ўринли бўлиб, туман марказидаги 45 мингдан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади. Бу ерда «Зомин сайқали» фолклор-этнографик жамоаси, 13 та тўгарак фаолият юритади. Мутасаддиларга ушбу режалар ижроси, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожи бўйича топшириқлар берилган.

Шу билан бирга, 2025-2026 йилларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди, инфратузилмани модернизация қилиш ва барқарор электр таъминотини таъминлаш топширилди.

Малумот учун, президент қарори билан Жиззах вилоятига 2025 йилда 2 млрд доллар инвестиция жалб этиш кўзда тутилган. Шунингдек, вилоят экспорти ҳажмини 285 млн долларга етказиш, 168 минг одамни ишли қилиш чора-тадбирлари белгиланган. Бу вазифалар ижроси доирасида жорий йилнинг II ярмида Жиззахда саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида 200 та лойиҳа ишга тушган. Вилоятга 662 млн доллар инвестиция кириб келган.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.