Россияда исталган гуруҳни экстремист деб тан олиш осонлаштирилди

17:19 | 3 дақиқада ўқилади.

Владимир Путин имзолаган янги қонунга кўра, энди бирор ташкилот раҳбари ёки аъзоси олдин экстремизм билан боғлиқ жиноят учун судланган бўлса, ўша ташкилот ҳам экстремист деб эътироф этилиши мумкин. Бундан буён бундай қарор учун суд ҳукми талаб этилмайди.

Vladimir putin ria

Россия президенти Владимир Путин экстремистик фаолиятга қарши курашиш тўғрисидаги қонунга ва Жиноят кодексининг 282.2-моддасига ўзгартиришлар киритди. Унга кўра, бирор ташкилотни экстремист деб тан олиш учун фақат унинг раҳбари ёки аъзосининг аввалги фаолияти етарли деб ҳисобланади. Илгари бундай қарор фақат суд орқали қабул қилиниши мумкин эди.

Шунингдек, Путин оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга ҳам ўзгартириш киритди. Энди ОАВ экстремист деб тан олинган ташкилотлар ҳақида ахборот тарқатиши тақиқланади. Шу билан бирга, Россия Адлия вазирлиги экстремист ташкилотларни тақиқланганлар рўйхатига мустақил равишда киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Қонун билан VPN орқали экстремистик контентни излаш ва унга кириш ҳам жиноий жавобгарликка олиб келади. Жисмоний шахсларга 3 мингдан 5 минг рублгача жарима белгиланган. VPN сервислари орқали реклама тарқатганлик учун жисмоний шахсларга 50—80 минг рубл, мансабдорларга 80—150 минг, юридик шахсларга эса 200—500 минг рубл миқдорида жарима солинади.

Бундан ташқари, Россия Жиноят кодексида VPN орқали жиноят содир этиш ҳам «оғирлаштирувчи ҳолат» сифатида қўшилди.