2025 йил 7 мартда қабул қилинган қонунга кўра, чиқинди хизмати учун қарздорлик мавжуд бўлса, истеъмолчига SMS орқали огоҳлантириш юборилади. Агар у 5 кун мобайнида қарзни тўламаса, электр энергияси бўйича тўловларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бу орқали аҳолини чиқинди тўловига рағбатлантириш кўзда тутилган.
Бироқ амалиётда ушбу механизм тўлиқ ишламай турибди. «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «HET» иловасида чиқинди хизмати бўйича қарздорлик маълумотлари кўрсатилмаяпти. Бундан ташқари, «Тоза макон» электрон тизими билан электр тармоқларининг биллинг тизими ўртасида интеграция муаммолари мавжуд. Шунингдек, кўплаб фуқароларда чиқинди хизмати бўйича шартнома расмийлаштирилмаган ва абонент ҳисоб рақамлари ноаниқ.
Ушбу камчиликлар аҳолида тушунмовчилик ва норозиликка сабаб бўлаётгани қайд этилди. Шу боис, Сенат қўмитаси Экология вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигига ушбу муаммолар юзасидан аниқ маълумот бериш ва амалий таклифлар тайёрлаш юзасидан топшириқ юборди.