Сурия раҳбарияти Туркиядан ҳарбий масалаларда кўмак сўраб, «террористик гуруҳларга қарши, айниқса ИШИДга қарши» биргаликда курашиш зарурлигини маълум қилган. Туркия Мудофаа вазирлиги бу мурожаатга жавобан машғулотлар, маслаҳат ва техник ёрдам кўрсатиш юзасидан иш олиб бораётганини билдирди. Бу ҳақда Anadolu агентлиги хабар берди.
Анқаранинг баёнотида Туркиянинг асосий мақсади — Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий бирлигини таъминлаш экани қайд этилган. Мазкур қадамлар 2025 йил бошида икки давлат ўртасида олиб борилган музокаралар мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.
«Суриялик расмийлар Туркиядан расмий равишда ёрдам сўради – бу ёрдам, асосан, мудофаа имкониятларини мустаҳкамлаш ва ИШИД бошчилигидаги террористик гуруҳларга қарши курашиш бўйича бўлади», — дейилади хабарда.
Туркия Мудофаа вазирлиги Сурияга ёрдам бериши ва мамлакатни доимгидек қўллаб-қувватлашини билдирган.
«Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш ва террорчи ташкилотларга қарши курашиш масалаларида қатъий позицияда қолмоқда», — дейилади хабарда.
Бироқ, Туркия Сурияга қандай услубда ёрдам кўрсатилиши, мамлакат ҳудудига қўшин киритиш имконияти ҳақида аниқ маълумот бермаган.
13 июл куни Суриянинг Сувайда вилоятидаги можаро бир друз савдогарининг калтакланиб, ўғирлаб кетилиши билан бошланди. Бу воқеадан сўнг ҳудуддаги зўравонликлар тез орада кенг кўламли тўқнашувларга айланди. Жавоб чораси сифатида Сурия ҳукумати 14 июл куни вилоят марказига қўшин киритди.
Бир неча кун ўтиб, Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Сурия можаросига аралашди. 16 июл куни Дамашқдаги Президент саройи, Мудофаа вазирлиги ва Бош штабга ҳаво зарбалари берилди. Ҳужумлар шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада эришилган вақтинчалик сулҳ билан бир вақтда амалга оширилди. Исроил зарбалари Дамашқ ва Дараа шаҳарларига ҳам йўналтирилди.
19 июл куни АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Барак Исроил ва Сурия раҳбарлари ўртасида оташкесимга келишувга эришилганини маълум қилган. Шу асосда Суриянинг вақтинчалик президенти Ахмад аш-Шаро мамлакат бўйлаб тотал оташкесим эълон қилган.