23 июл куни Тошкентда соат 10:00 ҳолатига кўра ҳаводаги PM2,5 зарарли моддалар концентрацияси деярли 6 баробарга ошиб кетди. Бу маълумотни IQAir портали эълон қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, PM2,5 моддалари меъёридан ошмаслиги керак. Бироқ айни пайтда пойтахтнинг айрим ҳудудларида ҳаво сифати ҳассос аҳоли учун носоғлом даражага етди. Шунингдек, Тошкент ҳавосининг ифлослик даражаси бўйича дунёда 15-ўринни эгаллади.
PM2,5 — бу «Particulate Matter» (зарра моддалар) атамасининг қисқартмаси бўлиб, 2,5 микронгача бўлган жуда майда зарраларни англатади. Уларнинг асосий манбалари қурилиш чанглари, автотранспорт газлари, металл оксидлар, сулфат ва нитрат бирикмалари ҳисобланади.
Мазкур зарралар нафақат ўпкага, балки қон айланиш тизимига ҳам кириб бориши мумкин. Шу боис улар айниқса болалар, кексалар ва ҳомиладор аёллар учун катта хавф туғдиради.
Мутасаддилар томонидан ҳаво сифати мониторинги давом эттирилаётгани маълум қилинди. Экологлар эса ҳаво ифлосланишининг олдини олиш чоралари кўрилиши зарурлигини таъкидламоқда.