Туркияда Россия-Украина музокараларининг учинчи босқичи бошланди

23:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Бугун, 23 июл куни Истанбулда россиялик ва украиналик музокарачиларнинг учрашуви бошланди.

Ukr russia

ТАСС ва Интерфах нашрларига кўра, Россия ва Украина делегациялари раҳбарлари Владимир Мединский ва Рустем Умеров ҳозирда яккама-якка музокаралар олиб бормоқда. RBK-Ukraina эса, яккама-якка музокаралар бўлмаганини ва ҳозирча Мединский, Умеров ва Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан ўртасида дастлабки учрашув бўлиб ўтганини даъво қиляпти.

Эрталаб Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков музокараларнинг асосий мавзуси 2 июн куни бўлиб ўтган аввалги учрашувда алмашилган ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги меморандумларни муҳокама қилиш бўлишини айтди. У музокаралардан жиддий ютуқ кутмасликка чақириб, томонлар позициялари «диаметрик тарзда қарама-қарши» эканини таъкидлади.

Украина президенти Владимир Зеленский, ўз навбатида, музокаралар олдидан ижтимоий тармоқларда Украина делегацияси «зудлик билан ва тўлиқ ўт очишни тўхтатиш» зарурлигини таъкидлаб ўтишини айтди.

Шу билан бирга, «Украинская правда» манбалари Киев вакилларининг асосий вазифаси, гуманитар масалалардан ташқари, Зеленский ва Владимир Путин ўртасида бевосита учрашув ташкил этиш бўлишини хабар қилди.

Музокаралар бошланишидан аввал Украина делегацияси Анқарада Туркия президенти Ражаб Эрдўғон билан учрашди ва у билан Россия, Украина, АҚШ ва Туркия раҳбарларининг тўрт томонлама учрашувини муҳокама қилди.

Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги музокараларнинг биринчи раунди жорий йилнинг 16 май куни, иккинчиси 2 июнь куни Истанбулда бўлиб ўтди.Ушбу музокаралар давомида томонлар асирлар ва ярадорларни алмашиш бўйича келишувга эришди. Улар ҳатто вақтинчалик сулҳ бўйича ҳам келишувга эриша олмадилар.