Украина мудофаа вазири Денис Шмигал 16 июль куни ушбу баёнотни бериб, Ғарб давлатлари билан музокаралар аниқ ва амалий босқичга ўтганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Украина ўзининг жанговар тажрибаси, технология ва инновациялари билан шерикларини улушдор этишга тайёр. Жумладан, лицензия бериш, қўшма корхоналар яратиш ва ишлаб чиқариш қувватларини шерик давлатларда очиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, Шмигал Украина ҳарбий саноатини ривожлантириш, хусусан, FPV-дронлар, узоқ масофали пилотсиз қурилмалар ва эгаллаб олувчи тизимлар ишлаб чиқаришга инвестиция жалб қилиш зарурлигини қайд этди.
Аввалроқ, Украина мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари Рустем Умеров 2025 йилда мамлакатда 4 млн дан ортиқ дрон ишлаб чиқарилиши ва уларнинг «ўн минглаб» қисми Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларга зарба бериш учун ишлатилишини айтган эди.
Айни пайтда, Европа Иттифоқи томонидан Украинага ажратилган 50 млрд евроли ёрдам фонди якунланмоқда. Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, 2028–2034 йиллар учун режалаштирилган янги бюджети доирасида Киев учун яна 100 млрд евро ажратиш таклиф қилинган.
Бу маблағлар грантлар ва кредитлар шаклида Ukraine Facility жамғармаси орқали Украинага йўналтирилади. Жамғарма уруш вақти ва ундан сўнг мамлакатни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.
Уруш бошланганидан буён ЕИ Украинага 160 млрд еврога яқин ёрдам кўрсатган. 2025 йилда ЕИ давлатлари 23 млрд еврога тенг ҳарбий ёрдам ва 30 млрд еврогача кредитлар беришга келишиб олган. Шунингдек, Австралия ҳам Украинага 49 та Abrams танкини ўз ичига олган 160 млн долларлик ёрдам тақдим этган.