Валюта олди-сотдиси: 6 ойда 14,5 млрд доллар айирбошланган

15:50 | 4 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярми давомида Ўзбекистонда аҳоли ва банклар ўртасидаги хорижий валюта савдоси 24 фоизга ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, январ-июн ойларида жами 14,5 млрд долларлик валюта олди-сотди қилинган.

Obmen valyuta

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,8 млрд долларга кўп. Олти ой ичида аҳоли банкларга 9,1 млрд доллар хорижий валюта сотган — бу ўтган йилга нисбатан 27 фоизга кўп. Бошқача айтганда, аҳолининг доллардан сўмга ўтиш ҳолатлари кўпайган.

Graph cb

Шу билан бирга, аҳоли банклардан 5,4 млрд долларлик валюта харид қилган. Ўтган йили аҳоли банкларга 16,1 млрд доллар сотган, 9,4 млрд доллар харид қилган.

 

Валюталар қаерда айирбошланяпти?

Валютанинг катта қисми — 8,4 млрд доллари ёки 58 фоизи валюта айирбошлаш шохобчалари орқали айирбошланган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга кўп. Шунингдек, бозордаги фаолликнинг 41 фоизи — 5,9 млрд доллар масофавий хизматлар, яъни онлайн платформалар орқали амалга оширилган бўлиб, бу йўналишда 36 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Қолган 252 млн долларлик операциялар эса 24/7 банкоматлар орқали амалга ошган. Бу кўрсаткич ҳам ўтган йилга қараганда 32 фоизга ошган.

Натижада, банклар томонидан жисмоний шахслардан сотиб олинган чет эл валютаси ҳажми уларга сотилган валюта ҳажмига нисбатан 3,7 миллиард долларга кўп бўлди. Бу ўз навбатида, ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбайи бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, 2024 йилда жисмоний шахслар ва банклар ўртасидаги валюта савдоси ҳажми 25,5 млрд долларни ташкил қилган. 2023 йилда эса бу кўрсаткич 21,1 миллиард доллар бўлган.

Мамлакатда АҚШ доллари ҳануз энг кўп айирбошланадиган валюта бўлиб қолмоқда. Масалан, 2025-йилнинг биринчи чорагида аҳоли ва банклар ўртасидаги доллар савдоси ҳажми 6,4 млрд долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2023-йилнинг шу даврида 5,2 млрд доллар бўлган.

Аввалроқ, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга четдан келаётган пул ўтказмалари ўтган йилга нисбатан 27 фоизга ошиб, 8,2 млрд долларга етгани маълум қилган эдик. Маблағларнинг катта қисми Россиядан юборилган бўлса-да, Европа Иттифоқи давлатлари, АҚШ ва Буюк Британиядан тушумлар ҳам сезиларли даражада кўпаймоқда