Yandex Uzbekistan ўз навигация хизматларида — Yandex Харита ва Yandex Навигатор иловаларида реал вақтда светофор сигналларини кўрсатиш имкониятини синов тариқасида ишга туширди. Лойиҳа Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Янги функция смартфон экранларида амалдаги светофор сигнали ҳақида маълумот бериш орқали ҳайдовчиларга тор кўчаларда ва ноаниқ кўринувчанликда ҳаракатни хавфсизлаштиришга кўмаклашади. Яқин вақт ичида иловага светофор таймери ҳам қўшилиши кутилмоқда. Бу ҳайдовчиларга светофорда қанча кутиш кераклигини олдиндан билиш ва манёврларни самарали режалаштириш имконини беради.
Айни пайтда сервис фақатгина Тошкентнинг айрим йўл участкаларида, жумладан, Амир Темур проспекти ва Тикланиш ҳамда Гулёр кўчалари кесишмасида ишламоқда. Лойиҳа муваффақиятли синовдан ўтса, технология мамлакатнинг бошқа шаҳарларига ҳам татбиқ этилади.
Янги функция нафақат ҳайдовчиларга қулайлик яратиш, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш, «яшил тўлқин» режимига риоя қилиш, маршрутни оптималлаштириш ва ёқилғи сарфини камайтиришга қаратилган. Маълумотлар Apple CarPlay ва Android Auto орқали ҳам тақдим этилмоқда. Келгусида функция Yandex Go иловасига ҳам интеграция қилиниб, такси етиб келиш вақти аниқлигини яхшилаши кутилмоқда.