2026 йилдан автосуғурта тарифлари янгиланади

24.07.2025 14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситалари учун мажбурий фуқаролик жавобгарлиги суғуртаси бўйича тарифлар қайта кўриб чиқилди. Янги тарифлар ҳайдовчилар сонига қараб турлича белгиланди.

Sug'urta mashinalari

2025 йил 23 июл куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган 458-сонли қарорга асосан, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш учун белгиланадиган тарифлар янгиланди. Ушбу тарифлар 2026 йил 1 январдан кучга киради.

Тарифлар ҳайдовчилар сони чекланган ёки чекланмаган бўлишига қараб фарқ қилади. Чекланган ҳайдовчилар сони бўлган полислар учун Тошкент шаҳри ва вилоятида енгил автомобиллар 192 минг сўм, юк машиналари эса 336 минг сўм этиб белгиланди. Қолган вилоятларда ушбу кўрсаткичлар мос равишда 160 минг ва 280 минг сўмни ташкил этади.

Чегара орқали, яъни чет эл давлатларидан кириб келаётган транспорт воситалари учун эса тарифлар юқори: енгил автомобиллар учун 320 минг сўм, юк автомобиллари учун эса 560 минг сўм қилиб белгиланди.

Агар ҳайдовчилар сонига чеклов қўйилмаса, полис нархи юқоридаги тарифларнинг икки баробари миқдорида тўланади. Яъни чекловсиз полислар анча қимматга тушиши мумкин.

Ушбу ўзгаришлар автосуғурта бозорида масъулиятни кучайтириш, транспорт воситалари эгалари ўртасида ҳуқуқий кафолатларни таъминлаш ҳамда эҳтимолий ҳалокат ҳолатларида фуқаролик жавобгарлигини аниқ белгилаш мақсадида жорий этилмоқда.