Амур областида йўқолган Ан-24 самолёти қулаб, ёниб кетгани маълум бўлди

24.07.2025 15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Саҳнида 49 киши бўлган Ан-24 самолёти Амур областида радaрлардан йўқолгандан сўнг 15 км узоқликда ёниб ётган ҳолда топилди. Ҳалокат оқибатида омон қолганлар аниқланмаган. Ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Amur viloyatidagi halokat

«Ангара» авиакомпаниясига тегишли Ан-24 русумли йўловчи самолёти Амур областида ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берган эдик. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, «Росавиация»нинг Ми-8 вертолёти томонидан самолёт фюзеляжи ёниб турган ҳолда топилган. Қутқарувчилар ҳозирда ҳалокат жойига пиёда ҳаракатланмоқда.

Самолёт Хабаровск — Благовешченск — Тинда йўналиши бўйича парвоз қилган ва Тинда аэропортига қўниш пайтида иккинчи айланмага ўтиб, радарлардан ғойиб бўлган. Маҳаллий вақт билан тахминан соат 13:00 да алоқа узилган. Қолдиқлар Тиндадан 15 километр узоқликдаги тоғ ёнбағрида аниқланган.

Губернатор Василий Орловнинг сўзларига кўра, бортда 43 нафар йўловчи, жумладан 5 нафар бола ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган. МЧС ҳаводан олиб борилган текширувлар жараёнида омон қолганларни аниқлай олмаган.

Россия Транспорт прокуратураси ва Транспортдаги тергов қўмитаси томонидан ҳодиса юзасидан текширув бошланган. Россия Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми (ҳаво транспортида хавфсизлик қоидаларини бузиш, кўпчиликнинг ўлимига сабаб бўлган ҳолат) бўйича қўзғатилган.

Маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган Ан-24 борти RA-47315 рақамига эга бўлиб, у 1976 йилда Киевда ишлаб чиқарилган. 2018 йилда Иркутск вилоятида рўй берган кичик ҳодисада унда қанот шикастланган, аммо ўша пайтда жароҳатланганлар бўлмаган. Бу самолёт сўнгги йилларда бир қатор авиакомпаниялар томонидан фойдаланилган ва 2021 йилдан «Ангара» авиакомпанияси тасарруфида бўлган.