«Ассалом янги кун, хайр жонли эфир?» — ТВда ҳақиқатни сўзлаган навоийлик журналистга босим бўлгани айтилмоқда

24.07.2025 22:23 | 6 дақиқада ўқилади.

Журналист Руслан Сабуровнинг ёзишича, Навоий вилояти телерадиокомпаниясининг тонгги жонли эфири ҳақиқат айтилгани учун тўхтатилган. Фаоллар бундай ҳолатни сўз эркинлигига таҳдид сифатида баҳоламоқда.

Ruxsora boboqulova

«Навоий» телеканали «Ассалом, янги кун!» кўрсатуви бошловчисига вилоятда ҳаводаги заҳарли газлар одамларни қийнаётгани ҳақида жонли эфирда гапиргани учун босим бўлгани айтилмоқда. Қолаверса, «Навоий» телеканалидаги жонли эфирлар тўхтатилган. Бу ҳақда журналист Руслан Сабуров ўзининг Facebookʼдаги саҳифасида маълум қилди.

«Навоий телерадиокомпаниясида ҳар тонг бериладиган жонли эфир «ўлибди», Акрам Мукимов унинг «жони»ни суғуриб олибди. Мени телевидениеда ишлайди, деб ўйласа керак, кексароқ ёшдаги бир ҳамқишлоғим «жонли эфир қани?», деб ёзиб қолди. Нимани назарда тутаётганини тушунмай, роса ўйладим. Тополмагач ўзидан сўрадим. Билсам у Навоий телеканалидаги тонгги жонли эфирни айтаётган экан. Қаранг, ҳар кўрсатувнинг ўз томошабини, мухлиси борда. Томошабин ўрганган, унга экран четида «жонли эфир» деган ёзув чиқиб турмаса ҳисоб эмас. Хуллас, секин суриштириб кўрсам, жонли эфирни тўхтатишибди. Балки ёзиб олиб берилаётгандир, унисини билмадим. Кейин ўша ҳамқишлоғимга «Таъзиямни қабул қилинг, жонли эфир «ўлибди», унинг «жони»ни суғуриб олишибди», деб ёзиб юбордим», — дея ёзган Сабуров.

Журналист Рухсора Бобоқулова тонгги эфир вақтида вилоят Экология бошқармаси ходимларини ҳаводаги заҳарли газлар қаердан келаётганини аниқлаши ва унга барҳам беришига умид қилган.

«Билмадим, эрталаб сиз тонгни қаҳва билан кофе билан ёки аччиққина кўк чой билан бошлаган бўлсангиз керак, лекин биз Навоий шаҳри аҳли заҳарли газлар билан тонгни бошладик. Ўйлаймизки, Экология бошқармаси ходимлари ҳам салқингина хонасидан чиқиб, бу заҳарли газ қаердан келаётганини ва бунга барҳам бериш чораларини кўради, деган умид ва яхши ниятлар билан дастуримизни бошлаймиз», — деган бошловчи ўз чиқишида.

Руслан Сабуровга кўра, бунақа «ҳақиқат айтиб юборилиши мумкин бўлган ҳолатлар»нинг олдини олиш учун жонли эфир тўхтатилган. Ҳатто Рухсора Бобоқуловага озми-кўпми босим бўлгани ҳақида ҳам эшитган.

«Ҳақиқат айтилгани учун жонли эфирнинг тўхтатилиши бу яхши сигнал эмас. Давлат каналларига рейтинг керак экан, мана шунақа очиқ дастурлар орқали уларни олиш мумкин, чекловлару, мақтов учун эмас! Шу журналистни деб Навоий ТРКни интернетнинг ўзбек сегменти олқишлагани рост эмасми?», — дея ёзган журналист Нозима Тошпўлатова.

Экофаол Мўътабар Хушвақтова эса ОАВ тўртинчи ҳокимият бўлиши учун журналистлар тазйиққа олинмаслиги кераклигини ёзди.

«Мана, нима учун телевидение олди-қочди мавзуларга тўла! ОАВ ҳақиқатдан ҳам тўртинчи ҳокимиятга айланиши учун мана шундай журналистларни тазйиққа олмаслик керак», — деган у.

Vaqt.uz‘га маълум бўлишича, бугун вилоят телерадиокомпанияси раиси ва вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳира Ҳамро иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган ва тонгги жонли эфирни вақтинча тўхтатиш ҳақида масала кўтарилган. Бироқ жонли эфирни давом эттириш қарорига келишган.