Статистика қўмитасининг қайд қилишича, дастлабки ярим йиллик давомида 185 минг 622 дона енгил автомобил ишлаб чиқарилди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 8179 дона кўпроқ кўрсаткич ҳисобланади.

Юк автомобиллари ишлаб чиқарилиши ҳам ортиб, уларнинг сони биринчи ярим йилда 1978 донани ташкил этди. Аммо автомобил двигателлари ишлаб чиқариш ҳажмида пасайиш кузатилди. 2025 йилнинг январ–июн ойларида мамлакатда жами 116 минг 543 дона автомобил двигатели ишлаб чиқарилди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,9 фоизга кам.
Ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқаришида турли йўналишлар бўйича ҳар хил кўрсаткичлар қайд этилган. Жумладан, автомобил бензини ишлаб чиқариш ҳажми 575,6 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 14,8 фоизга камайган. Айни вақтда, дизел ёнилғиси 557,5 минг тоннани ташкил қилиб, ўтган йилги ҳажмдан 10,4 фоизга кўпроқ бўлган.
Нефт қазиб олиш ҳажми эса 2024 йилга нисбатан 11,2 фоизга камайиб, 323,8 минг тоннани ташкил этди. Бу соҳада қисқариш тенденцияси давом этаётганини кўрсатади.
«Ишлаб чиқаришдаги қулаш аллақачон биржада акс этаётгани, куз келмай туриб нархлар сакраётгани инобатга олинса, ёқилғи борасида бизни ўтган йилдагидан ҳам оғир ва янада қиммат истиқбол кутмоқда», — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров ўз блогида.
Табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми эса 2024 йилдаги 22,4 млрд метр кубдан 21,7 млрд метр кубгача камайди. Бу 3,1 фоизлик пасайишни англатади. Газ конденсати ишлаб чиқариш ҳам 2024 йилга нисбатан 8,1 фоизга камайиб, 574,7 минг тоннани ташкил этди.
Аввалроқ, 2025 йилнинг январ-июн ойларида мамлакатда умумий ҳисобда 488,5 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани ҳақида хабар берган эдик. Бунда Тошкент шаҳри, Навоий, Андижон ва Тошкент вилоятлари саноат ҳажми юқори рейтингни қайд қилган.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.