Британияда вазирлар Фаластинни тан олишга чақирмоқда

24.07.2025 08:20 | 4 дақиқада ўқилади.

Британия ҳукуматининг юқори лавозимли аъзолари бош вазир Кир Стармерга босимни кучайтирмоқда — улар Ғазодаги фожеалар ортидан Фаластин мустақиллигини расман тан олишни талаб қилмоқда.

Keir starmer gaza

Британия бош вазири Кир Стармер ҳукумат ичидаги вазирлар босимига дуч келмоқда. Улар Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари ва тинч аҳоли ўртасидаги қурбонлардан сўнг Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олиш вақти келганини таъкидлашмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стритинг Исроилнинг Дайр-ул-Балаҳдаги БМТнинг соғлиқни сақлаш омборига берган зарбасини «тоқат қилиб бўлмас ҳолат» деб атади. У Британияга мурожаат қилиб, «ҳеч бўлмаганда тан оладиган нарса қолгунча» Фаластинни расман давлат сифатида тан олишни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, тинч аҳоли ва тиббиёт ходимларига қарши бундай ҳужумлар тинчлик имкониятларини йўққа чиқармоқда.

Адлия вазири Шабона Маҳмуд ҳамда Шимолий Ирландия ишлари бўйича вазир Ҳиллари Бенн сўнгги ҳукумат йиғилишларида шу масалани кўтарган. «Guardian» нашрининг ёзишича, ҳукуматда биринчи марта Фаластинни тан олиш бўйича жиддий мунозара юзага келган — бу масала энди «идеал вақт»га боғланмаслиги мумкин.

Шу пайтгача Британия расман Фаластинни тан олишни фақат тинчлик жараёни доирасида ва бошқа Ғарб давлатлари билан ҳамоҳанг ҳолда амалга оширишни маъқул кўрган эди. Аммо бу жараён аслида бошланмаган. Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми мамлакат икки давлатли ечимни қўллаб-қувватлашини, Франция бошчилигидаги музокара ташаббусини қувватлашини билдирган.

Франция президенти Эммануэл Макроннинг сўзларига кўра, фақат Фаластин давлатчилигини тан олиш орқали Яқин Шарқда барқарорликка эришиш мумкин. Шу билан бирга, «Guardian» манбаларининг қайд этишича, Британия ва Канада Исроилнинг лобби таъсири туфайли бу қадамда ҳануз иккиланмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг огоҳлантиришича, Ғазодаги сўнгги инсонпарварлик йўлаклари ҳам йўқ бўлиб бормоқда. Исроилга нисбатан халқаро танқидлар ва иттифоқдошлардан жавоб талаблари тобора кучаймоқда.