Чилонзор туманида халқаро стандартларга асосланган уч йиллик ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда. Шу доирада 22 июл куни туман ҳокими Саидқаҳҳор Холхўжаев Туркиянинг Policy Analytics Lab ва Helezon компаниялари вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Йиғилишда ҳудудда амалга оширилган ва режалаштирилган йирик лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳалар орасида икки йирик объект — TSC-HK-Investment томонидан қуриладиган икки минорали турар жой ва бизнес маркази ҳамда PD Estates амалга ошираётган беш юлдузли Ritz Carlton меҳмонхонаси алоҳида ўрин тутади.
TSC-HK-Investment компанияси Катта Қўзиробод маҳалласида 357 минг метр квадрат майдондаги қурилишга 340 млн доллар сармоя киритмоқчи. Ҳар бири камида 30 қаватли иккита минорадан иборат бўлади. Шу билан бирга, мазкур ҳудудда шаҳар бош режасига кўра баланд бинолар қурилиши тақиқлангани қайд этилган.
Бундан ташқари, Бешёғоч маҳалласининг Сеул кўчасида 250 минг метр квадрат майдонда 250 млн долларлик беш юлдузли меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Бу лойиҳа Озарбойжоннинг PD Estates компанияси томонидан амалга оширилади ва 2026 йилда якунланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, TSC-HK-Investment 2019 йилда ташкил этилган ва компания устав капитали 278,4 млрд сўмни ташкил қилади. Унга WDF International Limited ва St. Wonderful International Group Limited компаниялари эгалик қилади. Шу Чун Циан раҳбарлик қилади.