Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 июл куни 68 ёшни қарши олди. Мазкур таваллуд кун муносабати билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар, парламентлар, нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий компаниялар раҳбарлари, таниқли жамоат, дин ва спорт арбобларидан Шавкат Мирзиёев номига самимий қутловлар келмоқда.
Мактубларда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган ортга қайтмас сиёсий ислоҳотлар ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар дастурини самарали амалга ошириш борасида эришилган юксак натижалар қайд этилган.
Президентга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига эса тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаклари изҳор этилган. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Мирзиёевга йўллаган табригида Ўзбекистон раҳбарини оқилона ва узоқни кўра биладиган раҳбар сифатида эътироф этган. Тўқаев Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон билан яхши қўшничилик ва ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга қатъий интилишини чин дилдан қадрлашини таъкидлаган. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотлар – давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, ёшлар ва хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар яратиш, ҳудудларни ривожлантириш, қўшни мамлакатлар билан яқин алоқаларни мустаҳкамлаш ўз самарасини бераётганини қайд этган. Жапаров қардош халқлар ўртасидаги яқин ва дўстона муносабатлар, шунингдек, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланиб, ривожланиб боришига ишонч билдирган. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ҳам барча давлат раҳбарлари каби Президент Мирзиёевга мустаҳкам соғлик ва улкан зафарлар тилаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева отаси у учун ҳар доим донишмандлик ва куч-қудрат тимсоли бўлиб келганини, отасининг чексиз меҳридан қувват олиб улғайганини таъкидлади.
«Дадажон! Тун-у кун Сизнинг ўй-хаёлингиз нималар билан банд эканини яхши биламан. Сиз халқимиз учун яшаяпсиз. Умрингизни шу юртга, унинг тинчлиги, одамлар фаровонлигига бағишлагансиз. Чунки Сиз фақат оиламизнинг эмас, бутун бир миллатнинг отасисиз. Мен Сизнинг бемисл меҳр-муҳаббатингиз, фидойи хизматларингиз, барча машаққатларни енгишда кўрсатаётган матонатингиз олдида бош эгаман. Аллоҳдан фақат бир нарсани сўрайман – Сизни доим Ўз паноҳида асрасин. Мен учун. Ҳаммамиз учун… Сиз дунёга келган кун барчамизга муборак бўлсин, дадажон”, деб ёзди Саида Мирзиёева.
Хитой раҳбари Си Жинпинг Мирзиёев Ўзбекистон билан муносабатларга алоҳида эътибор қаратишини айтди. Алиев ўз табригида Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли Ўзбекистон ҳар томонлама ривожланиб, барча соҳаларда салмоқли ютуқларга эришгани, иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаб, халқаро майдонда катта обрў-эътибор қозонганини таъкидлаган. Эрдўған Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга содиқлигини айтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги собиқ раҳбари Комил Алламжонов ҳам табриклаганлар орасида бор. У ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали Президентга шундай сўзлар билан мурожаат қилган: «Туғилган кунингиз муборак бўлсин – энг адолатли муҳтарам Президент! Бахтимизга дунё тургунча туринг! Сиз қураётган эркин миллат пойдевори янада мустаҳкам, йўллари равон бўлсин!»
Умуман олганда, қўйидаги етакчилар Шавкат Мирзиёевга ўз табрикларини йўллаган:
- Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин,
- Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг,
- Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев,
- Қирғизистон Президенти Садир Жапаров,
- Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон,
- Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов,
- Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов,
- Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев,
- Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенко,
- Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған,
- Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий,
- Корея Республикаси Президенти Ли Жэ Мёнг,
- Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух,
- Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла,
- Словения Республикаси Президенти Наташа Пирц Мусар,
- Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич,
- Бирлашган Араб Амирликлари вице-президенти, Бош вазири ўринбосари, Президент девони раиси Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён,
- Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Шайх Сайф бин Зоид Ол Наҳаён,
- Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев,
- Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян,
- Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Нурлан Ермекбаев,
- Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Қубаничбек Ўмуралиев,
- Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бош котиби Сергей Лебедев,
- Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Асад Хон,
- Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати Раиси Бақитжан Сағинтаев,
- Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо,
- Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русеф,
- Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов,
- Хитой экспорт-импорт банки бошқаруви раиси Чэн Хуаюй,
- Ипак йўли фонди раиси Жу Жюн,
- Москва ва Бутун Рус патриархи Кирилл,
- Кавказ мусулмонлар идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода,
- Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер,
- Европарламентнинг Франциядан сайланган депутати Терри Мариани,
- АҚШ Конгресси аъзолари Трент Келли ва Кэрол Миллер,
- Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов,
- Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов,
- Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм.