Эрон АЭХА билан ядровий дастур бўйича ҳамкорликни қайта бошламоқчи

24.07.2025 16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон ядровий дастурининг айрим объектларига халқаро кузатувчиларни қайтариш масаласини муҳокама қилиш ниятида. Бу Теҳрон ядровий амбицияларини назорат қилиш ва санкцияларни тўхтатиб туришга олиб келиши мумкин.

Kozim g'aribobodiy

The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, Эрон Атом энергияси халқаро агентлиги (АЭХА) билан ҳамкорликни қайта тиклашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу орқали АҚШ ва Исроил ҳужумларидан сўнг мамлакат ядровий салоҳиятининг қай даражада сақланиб қолганини аниқлаш ва дипломатик ечимга йўл очиш мумкин бўлади.

Ню Йоркда журналистлар билан суҳбатда Эрон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Козим Ғарибободий Теҳронда АЭХА делегациясини қабул қилиш режаланганини маълум қилди. Унга кўра, музокараларда Эрон ядровий объектларида мониторингни қайта тиклаш имкониятлари муҳокама қилинади.

Шунингдек, жума куни Эрон ва Европа давлатлари Ирон—АҚШ ядровий музокараларини қайта тиклаш истиқболларини муҳокама қилади. Британия, Франция ва Германия ташқи ишлар вазирлари агар Эрон Трамп маъмурияти билан алоқаларни қайта тикласа ва АЭХА билан ҳамкорликни бошласа санкцияларни кечиктириш мумкинлигини расмий Теҳронга маълум қилган. Акс ҳолда, 2015 йилдаги ядровий келишув асосида бекор қилинган санкциялар август охирида тикланиши мумкин.

АҚШ ва Исроилнинг бомбардимонлари ортидан Пентагон Эроннинг ядровий дастури икки йилга ортга сурилганини маълум қилган. Аммо юқори даражада бойитилган уран захираларининг ҳақиқий аҳволи ҳамон ноаниқ. Исроил расмийларининг таъкидлашича, Исфаҳондаги заводдаги асосий захиралар ҳужумлардан сўнг ҳам сақланиб қолган бўлиши мумкин.

Эроннинг халқаро инспекторларга қандай миқёсда рухсат беришига қараб, АЭХА ва Ғарб давлатлари уран захиралари, бойитиш даражаси ва умумий ядровий фаолият ҳолати ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиши мумкин. Бу эса янги келишувга олиб келиши ёки санкцияларнинг тикланишига таъсир кўрсатади.