Эрон президенти: «Исроил билан янги урушга тўлиқ тайёрмиз»

24.07.2025 09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Исроил билан тинчлик умидлари йўқолганини билдирди ва мамлакат ҳарбийлари янги урушга тўлиқ шай эканини таъкидлади. У шунингдек, ядровий дастур ҳеч қандай тарзда тўхтамаслигини қайд этди.

Pezeshkian israel war

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён «Al Jazeera» телеканалига берган интервюсида мамлакат Исроил билан навбатдаги ҳарбий тўқнашувга тайёр эканини билдириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, 24 июндан сўнгги муваққат тинчлик узоққа чўзилишига ҳеч қандай ишонч йўқ.

Пизишкиён таъкидлашича, Исроилнинг юқори мартабалиларни, жумладан ҳарбий ва ядровий олимларни нишонга олган ҳужумлари Эроннинг қўмондонлик тизимини емирмаган. Шунингдек, АҚШнинг ядровий иншоотларга берган зарбаларига қарамасдан, мамлакат уран бойитиш дастурини халқаро қонунлар доирасида давом эттиради. Президент буни шундай ифода қилди: «Биз учун асосий технологиялар биноларда эмас, балки олимларимизнинг онгида жойлашган».

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон ядровий дастури «йўқ қилинган» деган баёнотига жавобан Пизишкиён бу иддаоларни рад этди. У Теҳроннинг позицияси тинчликка асослангани, бироқ таҳдид ва босимлар қабул қилинмаслигини билдирди. Шу билан бирга, Эрон раҳбари ядровий қурол яратишдан бош тортганини ҳам сиёсий, ҳам диний сабаблар билан яна бир бор тасдиқлади.

15 июнда Пизишкиёнга қасд қилиб уюштирилган ҳужум Исроилнинг сиёсий раҳбариятни беқарорлаштиришга уриниши бўлганини қайд этди. Шунингдек, Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига берилган ракета зарбаси бевосита Қатарга эмаслиги, бу ҳақда шахсан амир Тамим ибн Ҳамадга тушунтириш берилганини маълум қилди.

Айни пайтда Эрон Франция, Германия ва Британия билан Истанбулда музокараларни қайта бошламоқчи. Агар Теҳрон мулоқотдан бош тортса, бу давлатлар унга нисбатан санкцияларни тиклашини маълум қилган.