Инфляция тадбиркорлар қарорларига таъсир қилувчи асосий омилга айланди

24.07.2025 16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Марказий банк ўтказган сўров натижаларига кўра, инфляция даражаси тадбиркорлар учун энг муҳим иқтисодий кўрсаткичлардан бири ҳисобланмоқда. Нарх белгилашда инфляция ва валюта курсининг таъсири юқори бўлса-да, ЯИМ ўсиши ва ишсизлик даражаси етарли даражада инобатга олинмаяпти.

Infilyatsiya

Марказий банк томонидан тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, корхоналарнинг 27,9 фоизи инфляцияни энг муҳим макроиқтисодий кўрсаткич сифатида белгилаган. Сўровда қатнашган ҳар уч тадбиркордан бири нарх белгилашда айнан инфляция кўрсаткичидан асосий омил сифатида фойдаланишини билдирган.

Валюта курси ҳам қарорларга жиддий таъсир қилувчи омил сифатида қайд этилган — сўровда қатнашганларнинг 27,7 фоизи нарх белгилашда уни муҳим деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, ЯИМ ўсиши ва ишсизлик даражаси каби кўрсаткичлар қарор қабул қилишда деярли ҳисобга олинмаяпти.

Иқтисодчи Отабек Бақировнинг фикрича, корхоналарнинг аксар қисми қарорларини шахсий кузатувлар ва мавсумий ҳолатлар асосида қабул қилмоқда. Улар расмий макроиқтисодий маълумотлардан эмас, балки хомашё нархлари ва рақобат муҳитига кўпроқ эътибор қаратишмоқда.

Сўров натижаларига кўра, 18 фоиз корхона умуман таҳлилсиз қарор қабул қилмоқда. Бу эса бозордаги ноаниқликлар ва маълумотлар асимметриясини кучайтиради. Натижада, ресурсларни нотўғри тақсимлаш ва самарасиз инвестиция қарорлари пайдо бўлиши мумкин.

Тадқиқотда яна шу аниқландики, расмий маълумотлардан тўғридан-тўғри фойдаланиш кўникмаси етарли эмас. Кўпгина тадбиркорлар иккинчи даражали манбалар — оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва ижтимоий тармоқлар орқали иқтисодий маълумотларга эга бўлишмоқда. Бу эса маълумотнинг мазмунидан кўра, унинг тақдим этилиш шакли ва етиб бориш усули аҳамиятли эканини кўрсатади.