Украина делегациясига мамлакат Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров раҳбарлик қилди. Унга кўра, украин томони Россияга Зеленский ва Путин иштирокида тўғридан тўғри учрашув ўтказишни таклиф этган. Бундай саммитда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам иштирок этиши мумкин. Учрашувни август ойи охирига қадар ўтказиш таклиф қилинган.
Россиянинг Украина билан музокараларидаги делегацияси раҳбари Владимир Мединскийнинг баёнотига кўра, Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасидаги эҳтимолий учрашув фақат олдиндан келишиб олинган битимларни имзолаш учунгина ўтказилиши мумкин. Бу учрашув келишув шартларини муҳокама қилиш учун мўлжалланмайди.
Умеров музокарада Украина томони ўт очишни тўхтатиш ва фуқаролар ҳамда муҳим инфратузилма объектларига ҳужумларни бас қилишга тайёр эканини билдирганини маълум қилди. Аммо Россия делегациясининг бу таклифга муносабати ошкор этилмади.
Музокарада асирлар ва фуқаролар алмашинуви масаласи ҳам муҳокама қилинди. Россия томони уч йилдан ортиқ асирликда бўлганлар, оғир яраланган ва ёшларни қайтаришга рози бўлган. Жами 1200 нафардан ортиқ шахсларни ҳуманитар алмашинув доирасида қайтариш режалаштирилмоқда.
Бир соатга яқин ўтган учинчи учрашув энг қисқа давом этган музокара бўлди. Бундан аввалги икки музокара — 16 май ва 2 июн кунлари бўлиб ўтган. Улар ҳам қисқа давом этган ва асосий масалалар бўйича жиддий бурилиш кузатилмаганди. Бу сафар ҳам учрашув атиги бир соат давом этди, аммо биринчи марта юксак даражадаги раҳбарлар учрашуви таклифи расман билдирилди.