«Жонсиз» эфир, судга оширилган Мубашшир Аҳмад иши ва Мирзиёевдан Путинга таъзия — 24 июл дайжести

24.07.2025 23:00 | 7 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

24 dayjest

Президентни ҳақорат қилган фуқаро Озарбойжонда ушланиб, Ўзбекистонга қайтарилди

Юсупов Амонбек Абдулхақович — Ўзбекистонда Президентни ҳақорат қилганликда айбланаётган шахс — Озарбойжонда ушланиб, расмий сўров асосида юртига қайтарилди. У 2025 йил апрель ойида ушбу давлат ҳудудида қўлга олинган ва халқаро қидирувда бўлган.

Унинг Ўзбекистонга экстрадицияси «Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида»ги 2002 йилги Конвенция асосида амалга оширилди. Бош прокуратура маълумотига кўра, Юсупов давлат раҳбарининг шаъни ва қадр-қимматини камситганлик моддаси бўйича жавобгарликка тортилади.

 

Энди Ўзбекистон «праваси» БААда ҳам ўтади

Ўзбекистон фуқаролари эндиликда Бирлашган Араб Амирликларида ўз миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси билан автомашина бошқариши мумкин. Яъни, улар халқаро гувоҳнома расмийлаштириш ёки маҳаллий имтиҳон топширишга муҳтож эмас.

Gulf News маълумотига кўра, БАА Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонни ҳайдовчилик ҳуқуқи тан олинадиган мамлакатлар рўйхатига киритди. Янги тартиб туризм, таълим ёки ишлаш мақсадида келган фуқаролар учун амал қилади ва фақат амалдаги гувоҳнома талаб этилади.

 

Мирзиёев Путинга ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни Амур вилоятида юз берган авиаҳалокат муносабати билан Россия Президенти Владимир Путин номига расмий таъзия мактуби йўллади. Унда ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирилган.

Маълумотларга кўра, Хабаровск — Благоўещенск — Тинда йўналишида парвоз қилган самолёт Тинда аэропорти яқинида радарлардан йўқолган ва сўнгроқ унинг парчалари тоғ ёнида топилган. Бортида 43 йўловчи ва 6 экипаж аъзоси бўлиб, омон қолганлар аниқланмаган.

 

Мубашшир Аҳмадга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди

Жорий йилнинг 14 июл куни Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга нисбатан очилган жиноят иши судга юборилди. Бу ҳақда унинг адвокати Руслан Содиқов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Унга кўра, 2023 йил 11 август куни Шайхонтоҳур туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф тарзда тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 244−3-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

 

«Ассалом янги кун, хайр жонли эфир?» — ТВда ҳақиқатни сўзлаган навоийлик журналистга босим бўлгани айтилмоқда

«Навоий» телеканали «Ассалом, янги кун!» кўрсатуви бошловчисига вилоятда ҳаводаги заҳарли газлар одамларни қийнаётгани ҳақида жонли эфирда гапиргани учун босим бўлгани айтилмоқда. Қолаверса, «Навоий» телеканалидаги жонли эфирлар тўхтатилган. Бу ҳақда журналист Руслан Сабуров ўзининг Facebookʼдаги саҳифасида маълум қилди.

«Навоий телерадиокомпаниясида ҳар тонг бериладиган жонли эфир «ўлибди», Акрам Мукимов унинг «жони»ни суғуриб олибди. Мени телевидениеда ишлайди, деб ўйласа керак, кексароқ ёшдаги бир ҳамқишлоғим «жонли эфир қани?», деб ёзиб қолди. Нимани назарда тутаётганини тушунмай, роса ўйладим. Тополмагач ўзидан сўрадим. Билсам у Навоий телеканалидаги тонгги жонли эфирни айтаётган экан. Қаранг, ҳар кўрсатувнинг ўз томошабини, мухлиси борда. Томошабин ўрганган, унга экран четида «жонли эфир» деган ёзув чиқиб турмаса ҳисоб эмас. Хуллас, секин суриштириб кўрсам, жонли эфирни тўхтатишибди. Балки ёзиб олиб берилаётгандир, унисини билмадим. Кейин ўша ҳамқишлоғимга «Таъзиямни қабул қилинг, жонли эфир «ўлибди», унинг «жони»ни суғуриб олишибди», деб ёзиб юбордим», — дея ёзган Сабуров.

Vaqt.uz‘га маълум бўлишича, бугун вилоят телерадиокомпанияси раиси ва вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳира Ҳамро иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган ва тонгги жонли эфирни вақтинча тўхтатиш ҳақида масала кўтарилган. Бироқ жонли эфирни давом эттириш қарорига келишган.