Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкум ва маҳбуслар учун «Омбудсман қути»лари ўрнатилган бўлиб, улар орқали ҳар қандай шикоят ёки мурожаат бевосита Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманга юборилиши мумкин. Қонунга мувофиқ, бу қути ҳар бир турар жой сектори, учрашув бинолари ва саноат ҳудудларида жойлаштирилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 50 га яқин ёпиқ муассасаларда 350 дан ортиқ шундай қути мавжуд. Улар фақат Омбудсман ёки унинг ходимлари томонидан ойига камида бир марта очилади ва қабул қилинган мурожаатлар тўлиқ ўрганилади.
Қути видеокузатувлардан холи, қулай ва ҳимояланган жойларда жойлашган. Бу маҳкумларга шикоятини эркин ва хавфсиз тарзда ёзишга имкон беради. Омбудсман мурожаатни назоратга олиб, зарур ҳолларда муаллиф билан яккама-якка суҳбат ташкил этади. Ушбу суҳбатлар муассаса ходимлари иштирокисиз, лекин хавфсизликни таъминловчи шароитда ўтказилади.
Жиноят-ижроия кодексига асосан, маҳкумлар мазкур қути орқали мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Қабул қилинган шикоятлар бўйича тегишли органларга Омбудсманнинг хулоса ва тақдимномалари юборилиши, аниқланган қонунбузарликлар тезкор ҳал қилиниши мумкин.
Омбудсман девони ва ҳудудий вакиллар жазони ижро этиш муассасаларига тўсиқсиз кириб, маҳкумлар билан бевосита суҳбатлашиш ҳуқуқига эга. Бу тизим маҳкумларнинг ҳуқуқлари таъминланиши ва жазо муассасаларида шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.