Мубашшир Аҳмадга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди

24.07.2025 20:20 | 9 дақиқада ўқилади.

Жорий йилнинг 14 июл куни Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсуновга нисбатан очилган жиноят иши судга юборилди. Бу ҳақда унинг адвокати Руслан Содиқов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

MubasshirФото: rus.azathabar.com

Унга кўра, 2023 йил 11 август куни Шайхонтоҳур туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф тарзда тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 244−3-моддаси билан жиноий иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Адвокатнинг қўшимча қилишича, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» ги қонунга кўра, ҳар қандай диний мазмундаги материал Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича Қўмитасининг хулосаси асосидагина таёрланиши, сақланиши ва тарқатилиши мумкин. Ушбу қоида бузилиши дастлаб маъмурий жазо, ундан кейин бир йил ичида такроран содир этилган тақдирда жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

«Мубашшир Аҳмад домла «Аzon tv» каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатгани учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўғатилган», — деб ёзган Руслан Содиқов.

Адвокатнинг баёнотига кўра, Мубашшир Аҳмад Туркияда бўлган вақтда диний видеоматериал тарқатган ва Ўзбекистондаги ҳуқуқий талаблардан бехабар бўлган. Ушбу ҳолат учун аввал маъмурий жазо берилган, кейин эса жиноий иш қўзғатилган. Кейинчалик, 2023 йил 10 ноябр куни Мубашшир Ахмадга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида судга илтимоснома киритилган. Суднинг айни шу кунги ажрими билан илтимоснома рад қилинган ва эҳтиёт чораси ўзгаришсиз, муносиб ҳулқ атвордаги тилхат орқали очиқда қолдирилган ҳамда жиноят иши ҳаракатдан тўхтатилган.

2025 йил 11 май куни Мубашшир Аҳмад ушланган ва уга нисбатан Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Адвокатнинг ёзишича, мижози ушланишида ва шу вақт ўзларига нисбатан ўтказилган тергов ҳаракатлари жараёнида ўзи томонидан ёлланган ҳимоячилар хизматидан фойдаланишни талаб қилган, лекин талаб бажарилмагани сабабли, тергов ҳаракатларига оид ҳужжатларни имзолашдан бош тортган.

«Ҳимоячилар терговчига айни шу куни бир неча маротаба алоқага чиққан ва ҳатто қисқа хабарлар жўнатган, лекин терговчи эътиборсиз қолдириб, устозга нисбатан айбловни тўлдириш ва сўроқ қилиш, қамоққа олиш ҳақидаги илтимоснома киритиш ҳаракатларини давлат ҳисобидан таъминланадиган адвокат хизмати ёрдамида давом эттирган», — дейди адвокат.

Қайд этилишича, Мубашшир Аҳмадга нисбатан ушбу қўйилган айбловга Telegram’даги «Mubashshir Ahmad» номли каналга жойлаштирилган «Уламоларнинг Исроилга қарши жиҳод фатвоси нимани англатади?» номли видеодаги суҳбат асос бўлган. Лекин, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш ҳақидаги қарорда айблов учун фақат Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси, яъни, материалнинг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлигини тасдиқловчи далил кўрсатилган бўлиб, жиноятнинг зарурий белгиси – унинг мақсадини акс эттирувчи белгиларга оид ҳеч қандай экспертиза хулосаси далил сифатида эътироф этилмаган.

Унинг айтишича, 2025 йил 14 май куни жиноят ишининг дастлабки тергови Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик Хизмати Тергов бошқармасига ўтказилган. Шу вақт оралиғида Мубашшир Аҳмад билан учрашув бир оз қийинчилик билан бўлган.

«2025 йил 14 май куни жиноят ишининг дастлабки тергови Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик Хизмати Тергов бошқармасига ўтказилган. Шу вақт оралиғида Устоз билан учрашув бир оз қийинчилик билан бўлди. Терговда дастлабки учрашувимизда устоз «мен Давлат хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонаси ҳақида умуман бошқача тасаввурда эдим, бу ерда менга қилинган шарт – шароитлар, муносабат ва таъминотдан жуда кўнглим тўқ, хотиржамман, буни оммага ҳам етказиш керак экан» дедилар, шу билан бирга тергов гуруҳи бошлиғи ва терговчилар томонидан устозга уламо сифатида муносиб чиройли муомала ва муносабатда бўлишиб, ҳеч қандай руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилмади ва энг асосийси устознинг фаолиятига нисбатан кеский танқидий, айблов нуқтаи назаридан ёндошилмади», — дея ёзган Содиқов.

Унга кўра, тергов жараёнида Алишер Турсуновнинг «Azon Global» Ҳалқаро медиаканали ва ижтимоий тармоқдаги бошқа каналларидаги материаллар текширилган ва натижада уларнинг фаолиятида Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, тинчлик ва хавфсизликка қарши оғир жиноятлар содир этилмагани аниқланган.

«Истисно сифатида Исроилнинг Ғазода содир этаётган геноцидига оид берилган фикрлари ва баъзи бошқа ҳолатларга оид фикрларида экспертиза хулосасига кўра миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш жинояти аломати аниқланиб, айблов Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми билан тўлдирилди. Модда санкциясига кўра, ушбу ҳаракат учун жазо уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган», — дея қўшимча қилди адвокат.