Neuralink ҳар йили 20 минг беморга нейрочип ўрнатмоқчи

24.07.2025 18:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Илон Маскнинг Neuralink компанияси 2031 йилга қадар ҳар йили 20 минг беморга нейрочип ўрнатишни режалаштирмоқда. Бу лойиҳа компанияга $1 млрд йиллик даромад келтириши мумкин.

Neuralink

Bloomberg хабар беришича, нейротехнологик стартап АҚШда бешта махсус клиника очиб, у ерда беморларга камида уч турдаги чипни таклиф қилмоқчи. Уларнинг бири — Blindsight — кўр увозлар ва кўриш қобилияти пасайганлар учун мўлжалланган. Иккинчиси Паркинсон касаллигидан азият чекувчиларда неврологик аломатларни енгиллаштиришни мақсад қилади. Учинчи турдаги нейрочип эса мия орқали компьютер ва бошқа қурилмаларни бошқариш имконини берувчи Telepathy дастуридир.

Айни пайтгача Neuralink технологияси жами 10 нафар беморда синаб кўрилган. Улар ҳамон клиник синовлар босқичида бўлиб, бу чиплар доимий тиббий фойдаланиш учун ҳали лицензия олмаган. Жумладан, Blindsight ва Паркинсон касаллигига қарши чиплар ҳали амалда синаб кўрилмаган.

Шу билан бирга, компания шундай инновацияларга йўл очиш орқали катта бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлашни мақсад қилмоқда. Агар режалар амалга ошса, бу компания учун катта миқдордаги даромад ва тиббиётда янги даврнинг бошланишини англатади.