Олимлар 4400 йил аввалги шумер афсонасини ўз ичига олган лой тахтакачни тўлиқ таржима қилиб, тарихий кашфиёт эълон қилди. Cambridge Universityʼнинг ёзишича, Ni 12501 рақамли тахтакач Ибтидоий сулолалар даври (тақрибан милоддан аввалги 2540–2350 йиллар) га тегишли бўлиб, у қадимги Шумернинг муқаддас маркази — Ниппур шаҳрида топилган.
Бу тахтакач XIX асрдаёқ кашф этилган бўлса-да, унинг мукаммал таржимаси фақат ҳозирга келиб эълон қилинди. Унда ёмғир маъбуди Ишкурнинг Кур деб аталмиш зулмат остидаги оламда асирликка тушгани, уни қутқариш учун отаси — олий илоҳ Энлил бошчилигида илоҳлар кенгаши тузилгани баён этилади. Аммо Ишкурга ёрдам беришга фақат Лиса рози бўлади — у илоҳ эмас, балки ҳийлакор ва ақлли махлуқ сифатида тасвирланган.
Афсонанинг қолган қисми тўлиқ эмас. У Лисанинг Курга кириб, у ердаги таомлардан юз ўгиргани ва уларни ўз идишларига яшириб олганидан сўнг тўхтаб қолади. Олимлар Ишкур қутқарилгани ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қандай аниқ маълумот йўқлигини таъкидлайди.
Тадқиқот муаллифи доктор Яна Матушакнинг фикрича, Ишкур месопотамияликлар учун муҳим илоҳ бўлган, чунки бу ҳудудда ёмғир кам бўлган ва асосий сув манбаи Дажла ва Фурот дарёларидан келган сув бўлган. Афсонада балиққа тўла дарёлар, ранг-баранг сигирлар ва ҳосилдор ерлар каби мўл-кўлчилик рамзлари ҳам акс этган.
Олимлар бу афсонада Лисанинг оқилона қутқарувчи сифатидаги тарихдаги илк образларидан бири сифатида намоён бўлишини таъкидлашмоқда. Ўлим, ҳийлакорлик ва мавсумий қайта туғилиш мотивлари кейинги месопотамия афсоналарида ҳам учрайди. Ушбу бўлак эса Шумер мифологияси ва дунёқарашини тушунишда ноёб манба ҳисобланади.