Ўзбекистон Грузияга «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўлига қўшилишни таклиф қилди

24.07.2025 19:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Грузияни «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасида иштирок этишга чақирди.

TransportФото: Gov.uz

2025 йил 23 июл куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Махкамов ва Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Хабар қилинишича, учрашув чоғида томонлар автомобил ва темир йўл ташувлари соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Грузия денгиз портларидан фойдаланган ҳолда халқаро мултимодал транспорт йўлакларини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.

Ўзбекистон томонидан илгари сурилган асосий таклифлардан бири — «Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон» темир йўли лойиҳасида Грузиянинг ҳам иштирок этиш имкониятини ўрганиш бўлган. Илҳом Махкамов бу темир йўлнинг нафақат Марказий Осиё, балки халқаро миқёсдаги логистика тизими — хусусан, Ўрта йўлак орқали Европа билан боғланишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Бундан ташқари, учрашув давомида сайёҳлик соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи ҳам кўтарилган. Хусусан, икки давлатнинг сайёҳлик шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш юзасидан фикр алмашилган.