Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳафтасига 1000 та авиақатновлар йўлга қўйилади

24.07.2025 11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Москвада ўтказилган музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Россия авиахуқуқ органлари парвозлар сонини ошириш ва янги йўналишларни жорий қилиш бўйича келишувга эришди. Бу орқали икки мамлакат ўртасида ҳафталик рейслар сони 1000 тагача етказилади.

Samalyot

2024–2026 йилларга мўлжалланган транспорт соҳасидаги амалий ҳаракатлар режаси ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Қуйи қўмита йиғилиши доирасида 21–22 июл кунлари Москвада Ўзбекистон ва Россия авиахуқуқ органлари ўртасида музокаралар ўтказилди.

Музокараларда икки мамлакат транспорт вазирликлари ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси вакиллари иштирок этди. Асосий эътибор амалдаги авиақатновлар сонини кўпайтириш, парвозлар географиясини кенгайтириш ва авиакомпанияларга ҳуқуқлар бериш масалаларига қаратилди.

Келишувга мувофиқ,
Тошкент–Москва йўналишида ҳар ҳафта 100 та,
Самарқанд–Москвада 46 та,
Бухоро, Урганч, Фарғона, Наманган йўналишларида жами 112 та рейс амалга оширилади.

Шунингдек, Тошкентдан Санкт-Петербург, Красноярск ва Сочига ҳар ҳафта 42 та рейс белгиланди.

Бундан ташқари, «учбурчак» шаклидаги парвозлар учун компаниялар сонига қўйилган чекловлар бекор қилинди. Ҳар бир авиакомпания 5 тагача шаҳарни танлаш имкониятига эга бўлди. Россиянинг 80 та, Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортлари ўртасида умумий ҳисобда 763 та рейсга рухсат берилди.

Бугунги кунда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 310 тадан ортиқ рейс амалга оширилса, янги келишувлар орқали бу кўрсаткич 1000 дан ошиши кутилмоқда. Бу эса туризм, юк ташиш ва савдо алоқаларининг ривожланишига кенг йўл очади.