Бу ҳақда Bankers.uz хабар берди. Янги молиявий тузилма рақамли банк сифатида фаолият юритиши режалаштирилган бўлиб, кенг тармоқли хизмат кўрсатиш нуқталари орқали барча турдаги банк хизматларини таклиф этади. Бошқарув жамоаси банк соҳасида катта тажрибага эга мутахассислардан ташкил топган.
2025 йил февралда қабул қилинган ЎРҚ-1026-сонли қонун билан Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этишга ҳуқуқий асос яратилган. Микромолия банки — бу микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасидаги ўзаро боғловчи бўғин бўлиб, устав капитали камида 50 млрд сўм бўлиши шарт.
Қонунга мувофиқ, микромолия банки жисмоний шахслардан қабул қиладиган омонатлар миқдори чекланган, якка қарз олувчиларга берилувчи кредит ҳажми 5 млрд сўмдан ошмаслиги, кредит портфелининг камида 70 фоизи тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга ажратилиши лозим.
Шунингдек, бундай банклар ташқи савдо операцияларини амалга оширмайди, чет эл банкларида ҳисоб очиш ҳуқуқига эга эмас ва юқори ликвидли давлат қимматли қоғозларига инвестиция киритиш орқали ликвидликни бошқариши мумкин.
Микромолия банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия Марказий банк томонидан берилади. Дастлабки рухсатнома 6 ой муддатга берилади ва шу давр мобайнида ташкилот барча зарур талабларни бажариши керак.