Марказий банк шарҳига кўра, умумий пул тушумлари 491 трлн сўмни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 27 фоизга ошган.
Нақд пул муомаласидаги энг сезиларли ўзгаришлардан бири — терминал орқали тушумлар улушининг ортганидир. 2024 йил биринчи ярмида умумий тушумларнинг 41 фоизи терминаллар орқали амалга оширилган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилга келиб 43 фоизга етган. Айниқса, савдо ва хизматлар соҳасида терминаллардан фойдаланган ҳолда тушумларнинг салмоғи 45 фоиздан 48 фоизга кўтарилган.

2025 йилнинг I ярмида банклар орқали нақд пул айланмаси ҳам сезиларли ўсди. Ҳисобот даври мобайнида банклар орқали жами 563 трлн сўмлик нақд пул айланиши амалга оширилган. Шундан 277 трлн сўм тушум сифатида банкларга кирган бўлса, 286 трлн сўм нақд пул чиқимига тўғри келган. Бу 2024 йилга нисбатан 23 фоизга юқори.

Нақд пуллар тушумининг таркибий тузилиши турлича бўлган. Хусусан, маблағларнинг 37 фоизи банк хизматларидан, 33 фоизи товарларни сотишдан келиб тушган. Шу билан бирга, 13 фоиз пуллик хизматлардан нақд тушум қилинган.

2025 йилнинг январь-июнь ойларида банклар орқали жами 286 трлн сўмлик нақд пул чиқими амалга оширилди. Бу 2024 йилга нисбатан 24 фоиз, 2023 йилга нисбатан эса 53 фоиз кўп.
Биринчи яримйилликда чиқимларнинг асосий қисми — 45 фоиз банк карталаридан ечилган нақд пуллар ҳиссасига тўғри келди. Бу кўрсаткич сўнгги уч йил давомида энг юқори улушда сақланмоқда, бу эса аҳолининг картадаги маблағларни ҳали ҳам нақдлаштиришга эҳтиёжи борлигини англатади.
Нақд хорижий валюта харидига 22 фоиз, корхона ва ташкилотлар иш ҳақи тўловларига 7 фоиз, бошқа турдаги нақд тўловларга эса 19 фоиз сарфланди. Эътиборлиси, пенсия ва нафақа тўловлари учун нақд пул чиқими 2023 йилдаги 7 фоиздан 2025 йилда атиги 3 фоизгача камайди. Бу ушбу тўловлар ҳам тобора рақамли шаклга ўтаётганини билдиради.

2025 йилнинг биринчи ярмида банк карталарига 676 трлн сўмлик маблағ кирим қилинган. Бу – 2024 йилга нисбатан 1,4 баробарга кўп. Бироқ бу маблағларнинг фақат 19 фоизи нақдлаштириб олинган. Солиштириш учун: 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 23 фоиз, 2023 йилда эса 24 фоиз бўлган.

Йил бошидан бошлаб мавсумий омиллар сабабли нақд пулга бўлган талаб ортган. Марказий банк томонидан жорий йилнинг 6 ойи мобайнида муомалага қўшимча 5,2 трлн сўм нақд пуллар чиқарилди. 2025 йил 1 июл ҳолатига умумий пул массасидаги нақд пулларнинг улуши 18,9 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга пасайди.
Аввалроқ, Ўзбекистондаги пул массаси 312,5 трлн сўмга етгани ҳақида хабар берган эдик.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.