Ўзбекистонда 2025 йил январ-июн ойларида туғилиш кўрсаткичлари пасайди. Бу даврда 405,5 минг чақалоқ туғилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 14,4 мингга камдир.
Туғилиш коэффициенти ҳудудларга қараб фарқланиб, шаҳар жойларида 197,8 минг, қишлоқларда эса 207,7 минг нафар чақалоқ туғилган. Туғилганларнинг 51,7 фоизини ўғил болалар, 48,3 фоизини эса қиз болалар ташкил этди.
Туғилишлар камайишининг асосий сабаблари
Мутахассисларнинг фикрича, туғилишлар сонининг камайишига, хусусан, жамиятда ижтимоий-иқтисодий босимнинг ортиши ҳам сабаб бўлмоқда.
Социолог Гулнора Жўраеванинг таъкидлашича, ёш оилалар фарзандли бўлишни кечиктирмоқда. Уй-жой муаммолари, барқарор иш ўрни топиш қийинлиги, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш харажатлари ортиб бораётгани — буларнинг барчаси туғилиш даражасига босим қилмоқда.
Шаҳар аҳолиси орасида фарзанд сони бўйича танловлар ўзгариши ҳам умумий кўрсаткичларга етарлича таъсир ўтказмоқда. Статистик маълумотларга кўра, йирик шаҳарларда кўп фарзандли оилалар сони камаймоқда.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби ҳудудларда икки фарзандли оилалар сони ошган, уч ва ундан ортиқ фарзандли оилалар эса камайган.
Шунингдек, Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасининг 2024 йилги ҳисоботига кўра, аёллар орасида олий маълумотлиларнинг улуши 33 фоиздан ошган. Бу эса демографик кечикишларга олиб келади — яъни аёллар кўпроқ ўқишни, иш фаолиятини танлаб, оналикни кейинроққа сурмоқда.
Миграция оқимининг кучайиши ҳам натижаларга сезиларли таъсирини ўтказган. Сўнгги икки йил ичида ташқи меҳнат миграциясига чиққан ёшлар сони ўсиб бормоқда.
2024 йилда 1 млндан ортиқ фуқаро Россия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда вақтинча ишлаган — уларнинг катта қисми фарзанд кўриш ёшидаги эркак ва аёллар бўлиб, бу кўрсаткич миллий туғилишга таъсир қилмоқда.
Шунингдек, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 84,1 минг киши вафот этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 мингга кўп дегани.
Статистикаларга кўра, сўнгги йилларда ўлим ҳолатлари ошиши кузатилмоқда. Жумладан, 2024 йилда вафот этганлар сони 174,4 минг кишига етган бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан 0,9 фоизга кўпайган.
Ўлим сабаблари
Ўлим сабаблари, асосан, қон айланиш тизими касалликлари, ўсимталар, нафас олиш органлари касалликлар, бахтсиз ҳодисалар ва овқат ҳазм қилиш органлари касалликлари билан боғлиқ.
Экспертларга кўра, аҳолининг ўртача ёши ошмоқда. Бу эса табиий ўлим ҳолатларининг кўпайишига олиб келади. 2025 йилда 60 ёшдан катта аҳоли улуши 10,5 фоизга етди.
Демограф олим Абдувоҳид Ғаниевнинг фикрича, бу жараённи табиий пасайиш, деб баҳолаш мумкин. Ўзбекистон кўп йиллар давомида юқори туғилиш даражаси билан ажралиб турган. Эндиликда эса иқтисодий ривожланиш фонида демографик барқарорликка ўтаяпти.
Аммо муҳим масала — бу пасайиш узоқ муддатда ишчи кучи танқислиги ва қариб бораётган аҳолига хизмат кўрсатиш тизимига босим қилиши мумкин.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.