Пойтахтнинг тўрт туманида электр таъминоти учун чекловлар жорий этилди

24.07.2025 17:40 | 2 дақиқада ўқилади.

24 июл куни Тошкент шаҳридаги Чилонзор, Яккасарой, Миробод ва Яшнобод туманларида электр таъминотида мажбурий чекловлар жорий этилди. Бу чора «ҲЭТ» компанияси томонидан ортиқча юкланишни олдини олиш мақсадида амалга оширилди.

Podstansiya

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг маълумотига кўра, 24 июл куни соат 14:00 га қадар умумий қуввати 16 MW бўлган электр таъминоти чекловлари амалга оширилди. Чекловлар асосий тарзда трансформаторларнинг ортиқча юкланишини олдини олиш ва катта аварияларнинг олдини олиш учун киритилгани таъкидланган.

Кейинроқ «ҲЭТ» АЖнинг расмий Телеграм каналидан бу хабар ўчириб ташланган, бироқ 1055 коммунал диспетчерлик гуруҳида фуқароларга линиядаги зўриқишлар сабаб кўрсатиб ўтилган туманларда 2-3 соатлаб электр бўлмаслиги тушунтирилган.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, чекловлар қуйидаги нимстанциялар ва туманларни қамраб олган:

  • «Чилонзор» нимстанцияси — 4 MW, Чилонзор ва Яккасарой туманлари;
  • «Қўқон» нимстанцияси — 4 MW, Миробод ва Яккасарой туманлари;
  • «МЖК» нимстанцияси — 4 MW, Миробод ва Яшнобод туманлари;
  • «Рисовая» нимстанцияси — 4 MW, Миробод ва Яшнобод туманлари.

Айни пайтда расмий манбалар чекловлар қанча давом этиши ва қачон бартараф этилиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.