Reuters агентлиги ёзишича, Хитойда ишлаб чиқарилган двигателлар Россияга яширин тарзда етказилмоқда. Улар расмий ҳужжатларда «саноат музлаткичлари» деб кўрсатилиб, Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш мақсад қилинган.
Ушбу схемада Хитой ва Россиядаги компаниялар иштирок этмоқда. Улар орқали Россиянинг давлатга қарашли дрон ишлаб чиқарувчи корхонаси — «Купол» компаниясига техник қисмлар жўнатилаётгани маълум қилинган.
\Маълумотларга кўра, айнан шу етказиб беришлар орқали «Купол» компанияси 2025 йилда «Гарпия-А1» деб номланган зарбдор дронлари ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширган. 2024 йилда 2 минг дона дрон ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу рақам 6 минггача етказилиши режалаштирилган. Апрел ойигача 1,5 мингдан ортиқ дрон етказиб берилган.
Ушбу дронлар Украина ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаролик инфратузилмасини нишонга олувчи узоқ масофали ҳужумларда фаол қўлланмоқда. Reuters манбалари маълум қилишича, Россия ҳар ойда ўртача 500 дона «Гарпия» дронини ишга солмоқда.
Манбаларга кўра, товарларни «музлаткичлар» деб кўрсатиш орқали уларни Хитойдан Россияга қонуний экспорт қилиш мумкин бўлмоқда. Бу эса Хитой ҳукуматининг назоратидан яшириниш имконини бермоқда.